Президент Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо бўлиш ҳақидаги қонунни имзолади
Жамият
−
16 Сентябрь 2019
5320Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Мазкур Қонун ўтган ҳафта ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида тасдиқланган эди.
Бугунгача 4 та давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналар эди. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.
Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2018 йилнинг 29-30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёевга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиш ва сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтадиган навбатдаги саммитда иштирок этишни таклиф қилган эди.
Ўзбекистон ташкилот саммитида иштирок этди ва келгуси саммитга мезбонлик қилиш масъулиятини олди.
Маълумот учун, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
LiveБарчаси