Хива Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинди
Жамият
−
30 Ноябрь 2019
10011Хива шаҳри 2020 йилда Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда Турксой Маданият вазирлари кенгашининг Қирғизистонда бўлиб ўтган 37-йиғилиши якунларида маълум қилинди, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири.
Йиғилиш сўнгида Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Чаманкулов Ўзбекистоннинг Хива шаҳри бир овозда 2020 йилда Турк дунёсининг маданий пойтахти деб тан олинганини маълум қилган.
Ушбу йиғилишда Ўзбекистон тарафидан Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова иштирок этган.
Йиғилишда Хива шаҳри обидалари, тарихий ва бугунги ҳаёти акс этган видеоролик намойиш этилган. Минбарда сўз олган Маданият вазири ўринбосари – санъатшунос Оқилова шаҳар ҳақида маъруза қилган.
Турк дунёси маданий пойтахти сифатида ҳар йили Туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бири танлаб олинади. 2018 йил ушбу ном Туркиянинг Кастамону шаҳрига насиб этган эди. 2019 йилда эса бу мақомга Қирғизистоннинг Ўш шаҳри эгалик қилмоқда.
Мазкур мақом Турксой халқаро маданияти ташкилоти томонидан берилади. Ташкилот Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон иштирокида1993 йил 12 июлда ташкил топган. Унинг бош қароргоҳи эса Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган. Ҳозирги вақтда ташкилотга 13 мамлакат аъзо.
Маълумот ўрнида, Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда UNESCO’нинг дунё маданий мерослари рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жорий йилнинг 14 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлди.