Ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди – Президент
Жамият
−
11:52 392 3 дақиқа
Ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жаҳондаги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсган. “Fitch” ва “ Moody’s” агентликлари мамлакат суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилаган.
Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида Ўзбекистон 31-ўринни эгаллаган. Давлат раҳбари бу натижалар, аввало, тадбиркорлар билан елкама-елка амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини таъкидлаган.
Жорий йил кооперация, давлат хариди, стандарт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва урбанизация соҳаларида институционал ўзгаришлар амалга оширилган. “Миллий саноат занжири” орқали хусусий корхоналар йирик давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик буюртмалар олган.
Стратегик корхоналар маҳаллийлаштириш учун 650 дан зиёд янги маҳсулот рўйхатини эълон қилган. Бу тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор яратган.
Қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилган. Кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС “кешбек” сифатида қайтарилган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига “ноль” ставка жорий қилиниши ҳисобига 400 миллиард сўм фермерларда қолган.
Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импортига чеклов бекор қилинган, Туркманистон билан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилган. Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан юзлаб маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилган.
Иқтисодиёт ўсишига катта туртки берадиган йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” замонавий автомобиль йўллари шулар жумласидан.
Хоразмда экологик авиаёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарлик замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда. Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади.
Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда. Бундай лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилади.
Транспорт-логистика соҳасида юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкага туширилади.
Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланади. Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.
Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Улар 20-25 миллиард доллар капитал, янги билим ва технологияларни жалб этиш имконини яратади.
Live
Барчаси