Урганч аэропортидан Хивага янги тезюрар поезд қатнови бошланди
Жамият
−
13:18 436 2 дақиқа
Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида йўловчиларга замонавий CR200J русумли тезюрар электропоезд хизмат кўрсатади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” хабар берди.

Маълум қилинишича, Хитойнинг CRRC Dalian Co., Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган поезд 6 та вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчига мўлжалланган. Унинг максимал ҳаракат тезлиги соатига 160 километрни ташкил этади.
Поездда “Econom” тоифасидаги замонавий ўриндиқлар, ҳар бир ўриндиқда USB қувватлантириш қурилмалари ҳамда вагон ичидаги ҳароратни меъёрда ушлаб турувчи иқлим назорати тизими мавжуд.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун махсус жойлар ҳам ажратилган.
7055-сонли “Урганч Аэровокзал – Хива” поезди:
- Урганч Аэровокзал – 08:40
- Урганч – 08:59 – 09:02
- Хива – 09:22
7058-сонли “Хива – Урганч Аэровокзал” поезди:
- Хива – 21:00;
- Урганч – 21:20 – 21:23;
- Урганч Аэровокзал – 21:42.

7055-сонли поезд аэропортдан Хивагача бўлган 45,9 километрлик масофани 47 дақиқада босиб ўтади. Урганч вокзалида 3 дақиқа тўхтайдиган поезд аэропортдан соат 08:40 да ҳаракатланиб, 08:59 да Урганчга етиб боради ва 09:02 да йўлини давом эттириб, 09:22 да Хивага етиб боради. Урганч–Хива оралиғидаги 33 километр масофа эса 20 дақиқада босиб ўтилади. Қайтиш йўналишидаги 7058-сонли поезд Хивадан 21:00 да йўлга чиқиб, Урганч орқали 21:42 да аэропортга етиб боради, умумий қатнов вақти 42 дақиқани ташкил этади.
Қайд этилишича, катталар учун чипта нархи 25 минг сўм, болалар учун эса 14 минг сўм этиб белгиланган. Чипталарни электрон платформа орқали харид қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси