Эрдўған Эронни Исроилга қарши бирлашишга чақирди

Олам

image

Кеча, 7 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эронлик мавқедоши Иброҳим Раисий билан телефон орқали мулоқот қилиб, ўзаро алоқалар, минтақавий масалалар, шунингдек, Исроилнинг Ал-Ақсо масжидига уюштирган ҳужумларини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Daily Sabah” хабар берди.

Исроилнинг қамал остидаги Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужумлари бир ҳафта ичида иккинчи марта такрорланар экан, Эрдўған Раисий билан суҳбатда Ислом дунёси Исроилнинг Фаластиндаги ҳужумларига қарши бир бўлиши кераклигини айтган.

Маълумки, Исроил армияси кеча, 7 апрель куни эрталаб Ғазо ва Ливан жанубига ҳаво ҳужумларини бошлаган эди. Бу кескинлашув Исроил кучларининг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуасидаги Ал-Қибли намозхонасига бостириб кириши ва фаластинлик намозхонларни кетма-кет икки кечага мажбуран олиб чиқиб кетгани ортидан содир бўлган.

Фаластинда янги зўравонлик даврининг олдини олиш учун “оқилона фикрлаш” зарурлигини таъкидлаган Эрдўған, барча томонларнинг соғлом фикрга эга бўлишининг “фойдали” эканини қайд этган.

Шунингдек, у, Раисийни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби халқаро платформаларда муқаддас жойлар мақомини сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирган.

Бундан ташқари, Эрдўған Эрон Президентига Европанинг турли шаҳарларидаги Туркия элчихоналари олдида Исломнинг муқаддас китоби Қуръонга қарши сўнгги ҳужумларга қарши Ислом бирдамлигини кўрсатишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Эрдўған ва Раисий сўнгги бор ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити доирасида учрашиб, 2022 йил июль ойида имзоланган бир қатор битимларни амалга оширишни тезлаштириш масаласини муҳокама қилган. Тез кунда Раисий Анқарага бориши кутилмоқда. Унинг бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Исроил хавфсизлик кучлари Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар ёрдамида ҳужум қилганди. 6 апрель куни эса Ливан ҳудудидан Исроилга қарши ракета зарбалари берилди. Бунга жавобан Исроил ХАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги ўқув базаси ва ҳарбий постларига ҳужум қилди. Шундан сўнг, Ливан ҳудудига ҳам ҳужум уюштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ал-Ақсо Қуддус Эрдўған Исроил Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг