Туркияда ҳарбий вертолёт қулаб, 4 нафар аскар ҳалок бўлди (видео)

Олам

−

image

Туркиянинг Малатя вилоятида S-70 русумли ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида бортдаги 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Малатя вилоятининг Яшилюрт туманидаги Саманқўй ҳудудида юз берган. Ҳозирча вертолёт нима сабабдан қулагани номаълум. Воқеа жойига тез ёрдам машиналари, ўт ўчириш ва тиббиёт ходимлари юборилган.

Дастлаб вертолёт қолдиқлари топилгани ва қидирув-қутқарув ишлари бошлангани маълум қилинган. Кейинроқ вазирлик ҳалокат оқибатида тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

“Малатяда S-70 русумли вертолётимизнинг ҳали номаълум сабабга кўра қулаши оқибатида бортдаги 4 нафар қаҳрамон ўртоғимиз шаҳид бўлди. Шаҳидларимизга Аллоҳдан раҳмат тилаймиз ва уларнинг қайғу чекаётган оилаларига, Туркия Қуролли Кучларига ва олижаноб халқимизга таъзия ва сабр тилаймиз“, дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳалок бўлганлар – майорлар Эрдем Чимен ва Орхун Пинар, катта сержант Ҳусайн Зеҳир ҳамда сержант Серкан Ондер.

Туркия мудофаа вазири Яшар Гюлер ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Ҳодиса юзасидан Малатя Республикаси Бош прокуратураси тергов бошлаган. Шунингдек, ишга бир нафар бош прокурор ўринбосари ва икки нафар прокурор жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳри яқинида кичик вертолёт сувга қулаган эди. Ҳодиса оқибатида учувчи ҳалок бўлиб, вертолётдаги яна икки киши оғир жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг