Эрдўған АҚШ элчисига ўз эшикларини ёпди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШнинг Туркиядаги элчиси Жеффри Флейк учун эшиклари ёпиқлигини айтди. Унинг ғазабланишига президентлик учун мухолифат номзоди, Эрдўғаннинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғли билан элчининг учрашгани сабаб бўлди. Бу ҳақда кеча, 2 апрель куни маҳаллий “Star” газетаси хабар берди.

“Жо Байденнинг элчиси Камолни зиёрат қилмоқда. Уят, яхшилаб ўйланг. Сиз элчисиз. Бу ерда сизнинг суҳбатдошингиз — Президент. Бундан кейин қандай қилиб ўрнингиздан туриб, Президент билан учрашишни сўрайсиз? Бизнинг эшикларимиз у учун ёпиқ, энди у кира олмайди. Нега? У ўз ўрнини билиши керак”, деган Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда президент ва парламент сайловлари ўтказилиши жорий йилнинг 14 май санасига белгиланган. Унда асосий номзод сифатида мамлакатнинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирок этмоқда. Шунингдек, мухолиф партиялар бирлашувидаги “Миллат иттифоқи” коалицияси “Жумҳурият Халқ” партиясидан Камол Қиличдорўғлини номзод қилиб кўрсатган. Бундан ташқари, “Ватан” партиясидан Муҳаррам Инже ва “Аждодлар” Альянсидан Синан Оған ҳам етарлича имзо тўплаб, номзодлар рўйхатига қўшилган. “Яхшилик”, “Даъво” ва “Ватан” партиялари эса Олий сайлов комиссиясига Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни бўлажак президентлик сайловларида номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлаш талаби билан ариза топширганди. Улар Эрдўған президент сифатида амалда кетма-кет иккинчи муддатини ўтаётганини, икки мартадан ортиқ сайловларда қатнашиш эса мамлакат Конституциясига зид эканини таъкидлаган. Бироқ Туркия расмийлари буни 2017 йилда ўтказилган конституциявий референдумдан сўнг Эрдўғаннинг президентлик муддати нолга қайтарилгани билан изоҳламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия сайлов Эрдўған АҚШ элчиси Қиличдорўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг