Экология қўмитаси қурилиш ташкилотларини қатъий огоҳлантирди

Жамият

image
Диққат! Ўзбекистонда қурилиш бўйича экологик талаблар кучайтирилмоқда north_east

Диққат! Ўзбекистонда қурилиш бўйича экологик талаблар кучайтирилмоқда

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қурилиш майдонларида баъзи талабларга амал қилиниши кераклигини эслатиб, ушбу талаблардан бўйин товлаган қурилиш ташкилотлари жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 январга қадар атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага, 2026 йил 1 июлга қадар эса II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт:

  • атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш ва экология органларига интеграция қилиш;
  • юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш;
  • санитар ҳимоя зоналарини автоматик стационар кузатув постлари билан жиҳозлаш.

Қонунчиликка мувофиқ, ушбу мажбуриятларни бажармаган субъектларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари 5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади. Бундан ташқари, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 24-моддасига кўра, метеорологик шароитлар ноқулай келиши кутилаётгани муносабати билан корхоналар атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни камайтириш ва (ёки) бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Мазкур кўрсатма хати етказилган кундан бошлаб улар юқоридаги мажбуриятларни бажариши ҳамда 10 кун муддат ичида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни тақдим этиши лозим.

Ушбу мажбуриятни бажармаган корхоналар фаолияти “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига (экологик назорат натижаларини рўёбга чиқариш шакллари) асосан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қарори билан 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатилади ёки белгиланган тартибда тугатилади.

Шунингдек, экологик мажбуриятини бажармаган корхоналарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 85-1-моддаси (қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик), 95-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органлари назорати остидаги объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузиш) ҳамда 197-6-моддалари (экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаслик) бўйича маъмурий чоралар қўлланилади. Атмосфера ҳавоси ифлосланишига сабаб бўлган корхоналар Жиноят кодекси асосида жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.

Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ҳаво сифатининг бузилиши бўйича дунёда етакчи шаҳарлар қаторида турибди. Масалан, 11 ноябрь куни Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетганди. 16 ноябрь куни ҳам Тошкент атмосферасидаги майда заррачалар миқдори меъёрдан бир неча баравар ошди. 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини, кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Экология қўмитаси чанг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг