Дунё энергетика гигантлари Россия бозорини тарк этмоқда

Олам

image

Украинада содир бўлаётган воқеалар туфайли Россияга қарши қаттиқ санкциялар фонида Россия Федерациясининг энергетика соҳасига катта сармоя киритган бир қатор Ғарб компаниялари Россия бозоридан сармояларни олиб чиқиш режасини муҳокама қила бошлади. 

BP, Equinor ва Shell Россияда инвестиция режаларидан воз кечишини эълон қилгандан сўнг, кўплаб мутахассислар бошқа энергия гигантларининг реакциясига эътибор қаратди: ExxonMobil, Chevron, TotalEnergies, Vitol, Wintershall Dea, Eni ва Trafigura. 

АҚШ ва Европа Иттифоқининг чекловлари Россиянинг нефть ва газ соҳаларига бевосита таъсир қилмайди, бу даромадлар Россия давлат бюджетининг асосий даромад манбаларини ташкил қилади, чунки Европанинг газ ва нефтга бўлган эҳтиёжининг 40 фоизи Россия Федерацияси томонидан қопланади. Шунга қарамай, Россияда 30 йилдан ортиқ фаолият юритаётган Ғарб компаниялари бу мамлакатдаги сармоявий ва ҳамкорлик режаларини қайта кўриб чиқишни эълон қила бошлади. 

Россия энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири BР нефть гиганти Роснефтдаги 19,75 фоиз улушини сотишини эълон қилди. Ушбу пакетнинг умумий қиймати 25 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Норвегиянинг Equinor энергетика компанияси Россия бозоридаги қўшма лойиҳалардан воз кечиш ва инвестициялар тўхтатилишини эълон қилган иккинчи компания бўлди. 

Шунингдек, Shell “Газпром” билан қўшма корхоналарни, шу жумладан “Сахалин-2” лойиҳасининг 27,5 фоизини ҳамда Salym Petroleum Development, СП ва Gydan Energy’нинг 50 фоизини ҳам тарк этиш ниятида эканини айтди. 

Бундан ташқари, компания “Шимолий оқим 2” газ қувури лойиҳасидаги иштирокини тўхтатмоқчи. 2021 йил охирига келиб, Shell’нинг Россиядаги асосий сармояларининг жорий қиймати 3 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Учта жаҳон гигантининг ташаббуслари фонида бутун дунё ExxonMobil, Chevron, Total, Vitol, Wintershall Dea, Eni ва Trafigura каби бошқа компанияларнинг ҳаракатларини кузатиб бормоқда. Мамлакатдаги BP ва Shell каби гигантларнинг Россиядан сармояларини олиб қўйиши бошқа компанияларга босим ўтказиши ва бу йўналишдаги қарорларни тезлаштириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. 

Бозор қиймати бўйича дунёдаги иккинчи йирик нефть ва газ компанияси ExxonMobil Россиядаги энг йирик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан бири бўлган “Сахалин-1” табиий газ ва нефть конидаги Exxon Neftegas’нинг 30 фоиз улушига эгалик қилади.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг