Диққат! Мексика орқали АҚШга ўтаётган ўзбекистонликларга жазо кучайтирилди
Жамият
−
20 Ноябрь 2023
18513АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ноқонуний йўллар, хусусан Мексика чегараси орқали АҚШ чегарасини босиб кирмоқчи бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, эндиликда АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний кираётган Ўзбекистон фуқаролари қўйиб юборилмайди, аксинча, улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланади. АҚШ Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юбориш тижорат авиакомпаниялари ҳамда АҚШ Иммиграция ва божхона назорати билан тузилган чартер рейслари орқали амалга оширилмоқда.
“АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Контрабандачиларнинг ёлғон ваъдаларига учманг. Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилиш учун хавфсиз ва қонуний воситалардан фойдаланинг”, дейилади элчихона огоҳлантирувида.
Билдирилишича, АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар бу мамлакатга камида беш йил ичида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила аъзолари ҳам виза олишдан бутунлай маҳрум этилиши мумкин.
“Америка Қўшма Штатлари хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида чет эллик ҳамкорлар билан фаолият олиб боради ҳамда Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган барча ноқонуний кирувчилар ва фуқаролиги бўлмаганларни иммиграция қонунчилиги (Title 8) ваколати остида тезда мамлакатдан чиқариб юборади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари сўнгги икки йил ичида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтувчилар орасида учинчи ўринда қайд этилган эди.