“Россия ўзбекистонликларни текинга боқмаяпти”. Бекмуродов Делягинга жавоб қайтарди (видео)

Жамият

image

Аввалроқ, россиялик депутат Михаил Делягин ўзбекистонлик мигрантларнинг фарзандлари учун Россияда боғча ва мактаблар ташкил этиш ташаббусини мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб чиққан ҳамда Ўзбекистон ўз фуқароларини Россиядан олиб кетиши кераклигини "таклиф" қилганди. Депутатнинг бу чиқиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Делягиннинг Ўзбекистондаги мавқедошлари қатори “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ҳам бунга ўз муносабатини билдирди.

Бобур Бекмуродовнинг фикрича, ҳар қандай мамлакатнинг ўз фуқаролари тўғрисида қайғурган ҳолда, уларга зарур шароитларни яратиш бўйича ташаббусларни илгари суриши нормал ҳолат ҳисобланади. Шунингдек, ўзбекистонлик депутат ушбу ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш, сўзсиз Россия қонунчилигига мувофиқ амалга оширилишини қўшимча қилган.

“Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, табиийки, ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминламоқдалар, Россия уларни текинга боқмаяпти. Бу борада уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этган ҳолда, ўзларининг айни кучга тўлган даврларида Россия иқтисоди учун хизмат қилмоқдалар”, дейди Бобур Бекмуродов.

Унинг айтишича, рус депутатининг иттифоқчи мамлакатга нисбатан бу каби ўта оғир айбловларни илгари суриши, Россия билан муносабатларда ҳаттоки энг яқин ҳамкорларини ҳам ҳушёрликка даъват этади.

“Ўртоқ Делягин Михаил, агар сиз айтгандек, Россия Федерацияси каби катта мамлакатни меҳнат мигрантлари “парчалай” олса, олдингизда давлатчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа муҳимроқ вазифалар турибди”, дейди Олий Мажлис депутати.

Бекмуродов Ўзбекистонда эркин ОАВ борлиги, дума депутатлари айтаётган фикрлар Ўзбекистон жамоатчилигига етиб бориши ва шубҳасиз Россияга нисбатан салбий фикрни шакллантиришини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз,  олдинроқ “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Бобур Бекмуродов Михаил Делягин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг