Тошкентдаги безорилар, лавозимидан “учган” ҳоким, “Толибон” ҳукмронлигидаги илк сайёҳлар... Бугун нималар бўлди?

Жамият

image
Бугун, 8 ноябрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда муҳим воқеликлар содир бўлди. Навоий вилояти ҳокими Турсунов ўрнига Турсунов тайинланган бўлса, “Толибон” ҳукмронлигини ўрнатган Афғонистонга илк бор сайёҳлар келди. Қуйида якунига етаётган куннинг шу каби муҳим ҳодисалари билан танишинг.

Жамият 

ИИББ Тошкентдаги безорилар тўқнашувига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда “Шаҳар бедарвозами. Ким бўлди булар бемалол ўзгаларни жонига таҳдид қилишмоқда” деб номланган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 31 октябрь куни тахминан соат 22:00 ларда Боғишамол кўчасида бир нечта фуқаро ўртасида жанжал юз берган. Хусусан, 30 ёшли Ж.И. ва унинг танишлари 30 ёшли M.X., 39 ёшли Ж.А., 24 ёшли У.Р., 37 ёшли X.А., 27 ёшли X.С., 30 ёшли У.Д. ўзаро жанжаллашган. Натижада гумонланувчилардан бири 30 ёшли Ж.И. қочмоқчи бўлган Chevrolet Equinox русумли автомобилга зарар етказган.

Хоразмда Lacetti йўловчи поезди билан тўқнашди. Қурбонлар бор

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида енгил автомобилнинг беэътиборлик билан темир йўл кесишмасига чиқиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлди.

ЙТҲ жорий йилнинг 3 ноябрь куни соат 17:40 ларда Ҳазорасп тумани, Карвак қишлоғи ҳудудида юз берган. Қишлоқ ҳудудидан ўтган “Истиқлол” темир йўлининг 346-километри 3-пикетидаги қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Карвак қишлоғида яшаган 48 ёшли фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомобилни бошқариб келаётиб, темир йўл кесишмасидаги “Stop” йўл белгисига амал қилмасдан, ҳаракатни давом эттирган ва айни шу вақтда “Шовот – Урганч – Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган йўловчи поезди билан тўқнашган.

Яна бир халқаро террорчилик ташкилоти тарафдори Ўзбекистонга олиб келинди

Халқаро террористик ташкилотга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган, 1995 йилда туғилган С.С. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан хориждан Ўзбекистонга олиб келинди.

Қайд этилишича, мазкур шахс интернет тармоғи орқали Сурия давлати ҳудудидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти аъзоларининг таъсирига тушиб қолган.

У ўзининг танишлари билан Telegram мессенжерида виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик оқимлар ва халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг “жиҳод”га чорловчи материалларини унга жойлаб, ўзаро муҳокама қилишган. Шунингдек, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилотига қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлишган.

Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди

Бугун, 8 ноябрь куни Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига кўра, Қобул Бекназарович Турсунов Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, давлат раҳбарининг яна бир фармони билан Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Тўлқунович Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланди.
Маълум қилинишича, Қобул Турсунов соғлиғидаги муаммолар туфайли даволаниши талаб этилганлиги сабабли, ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган. 

Қашқадарёда ака укасини боғлаб, ёқиб юборди

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида оёқ қўллари боғланиб, ёқиб юборилган одам жасади топилди.

Билдирилишича, соат 19:20 да Ғузор туман прокуратурасига туман ИИБ навбатчилик қисмига “Пачкамар” МФЙ, Пачкамар қишлоғидаги эски гипс тош конидан ёши 30-35 ларда бўлган эркак жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Шахси номаълум мурда оёқлари жуфт қилинган ҳолда тўпиқ соҳаси, сон соҳаси ва кўкрак соҳасидан сим билан иккала қўллари орқага қайрилиб боғланган, куйиш жароҳатидан вафот этган ҳолда топилган.

Давлат бюджети харажатлари кўпайтирилди

Ўзбекистон Президенти “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади.

Қонун билан давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнозига ўзгартиришлар киритилди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари 24 239 490 млн сўмни ташкил этади.

Олам

Қозоғистондаги кафеда кучли портлаш юз берди

Кеча, 7 ноябрь куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридаги кафелардан бирида кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда қозоқ ОАВ хабар тарқатди.

“Номаълум сабабларга кўра портлаш содир бўлди, натижада бино тўлиқ вайрон бўлди. Қурбонлар ҳақида маълумот олинмаган. Портлаш сабаби ва вайронагарчилик ҳудуди аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

Портлаш сабаб ҳеч ким шифохонага ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Портлаш натижасида атрофдаги автомобилларга зарар етган.

Пашинян Ереван ва Баку ўртасидаги тинчлик бўйича таклиф кимдан чиққанини айтди

Тинчлик бўйича таклиф Озарбайжон монополияси эмас, дейди Арманистон Бош вазири Никол Пашинян. У Ереваннинг ўзи ҳам шундай таклифлар билан чиқаётганини таъкидлади.  

“Тинчлик бўйича таклиф Озарбайжоннинг монополияси эмас. Биз ўзимиз тинчлик таклифи билан чиқдик. Арманистон таклифга жавоб бермагани ҳақидаги баёнотлар жуда ғалати. Арманистон бу баёнотларга муносабат билдирди, Арманистон бунга тайёр эканини маълум қилди ва биз ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасидаги формат айнан тинчлик шартномасига эришишга қаратилганини таъкидладик. Биз бу муҳокамаларга тайёрлигимизни ва бизнинг фикримизча, бу муҳокамалар ЕХҲТ Минск гуруҳи форматидаги иш натижалари асосида, хусусан, Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш масаласини ўз ичига олган ҳолда ўтказилиши лозимлигини билдирдик”, деган Пашинян мамлакат жамоат телевидениесига берган интервьюсида. 

Меркель лавозимидан кетганидан сўнг нима қилишини айтди

Германия канцлери вазифасини бажарувчи Ангела Меркель лавозимини тарк этганидан кейин нима билан банд бўлиши борасида аниқ режалари йўқлигини, бироқ энди сиёсат билан шуғулланмаслигини маълум қилди. 

“Мен сиёсий можароларни ҳал қилмайман — бу билан кўп йиллардан буён шуғулланяпман: 16 йил давомида Федераль канцлер сифатида Европа Иттифоқида, халқаро миқёсда мамнуният билан доимо мультилатерализмни ёқлаб келганман. Ҳозир эса нима қилишимни ҳали билмайман. Аллақачон айтган эдим: аввал бироз дам оламан, кейин ҳаёлимга нима келишини кўрамиз”, деган у “Deutsche Welle”га берган интервьюсида. 

Илон Маскнинг телбанамо сўровномаси натижаси маълум бўлди

Аввалроқ, америкалик миллиардер Илон Маск Twitter’даги саҳифаси кузатувчиларига сўровномада иштирок этиш орқали ўзи эгалик қилувчи Tesla компаниясининг 10 фоиз акцияси тақдирини белгилашни таклиф қилганди. У сўровнома натижасига кўра йўл тутишга ваъда берганди. 

Сайёрадаги энг бой миллиардер қимматли қоғозларни сотиш солиқ тўлашнинг ягона йўли эканлигини айтган. 

Маълум бўлишича, Илон Маск томонидан ташкил этилган сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти электромобиль ишлаб чиқарувчисининг 10 фоиз акцияларини сотишга овоз берган. Сўров натижалари миллиардернинг аккаунтида чоп этилган. 

“Толибон” ҳукмронлигидаги Афғонистонга илк бор сайёҳлар борди

Афғонистонда “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан сўнг мамлакатга биринчи чет эллик сайёҳлар ташриф буюрди. Бу ҳақда маҳаллий “Bakhtar” агентлиги хабар берган. 

“Ислом амирлиги ғалабасидан сўнг мамлакатга биринчи хорижий сайёҳлар етиб келди”, дейилган агентлик хабарида. 

Ғўр провинцияси Маданият ва ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, икки киши маҳаллий тарихий жойларга, хусусан, XII асрда қурилган Жама минорасига ташриф буюрган. Агентлик сайёҳлар қаердан келганини очиқламаган.

Спорт

UFC 268 иштирокчилари қанча ишлаб топди?

Кеча, 7 ноябрь куни тонгда Нью-Йоркдаги (АҚШ) “Madison Square Garden” спорт аренасида UFC 268 турнири бўлиб ўтди. Спорт мусобақасининг асосий қарама-қаршилигида америкалик UFC усталари Камару Усман ва Колби Ковингтон ярим ўрта вазн тоифасидаги чемпионлик учун кураш олиб боришди. Қизиқарли кечган жангда Усман ғалаба қозонди.

Турнир якунида унинг барча иштирокчилари қанча ишлаб топганлиги маълум қилинди.

UFC 268 мусобақасининг барча иштирокчилари ишлаб топган маблағ:
Камару Усмон — 642 000 доллар (жанг учун 600 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 42 000 доллар рағбат тўлови);
Колби Ковингтон — 532 000 доллар (жанг учун 500 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 32 000 доллар рағбат тўлови);
Жастин Гэтжи — 356 000 доллар (жанг учун 150 000 доллар, ғалаба учун 150 000 доллар, Турнирнинг энг яхши жанги учун 50 000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 6 000 доллар рағбат тўлови);
Фрэнки Эдгар — 271 000 доллар (жанг учун 250 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 21 000 доллар рағбат тўлови);
Роуз Намаюнас — 262 000 доллар (жанг учун 110 000 доллар, ғалаба учун 110 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 42 000 доллар рағбат тўлови);
Марлон Вера — 216 000 доллар (жанг учун 75 000 доллар, ғалаба учун 75 000 доллар, турнирдаги энг яхши кўрсаткич учун 50 000 бонус, жангдан бир ҳафта олдин 16 000 доллар рағбатлат тўлови);
Майкл Чендлер — 164 000 доллар (жанг учун 110 000 доллар, турнирнинг энг яхши жанги учун 50,000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Шейн Бургос — 156 000 доллар (жанг учун 75 000 доллар, ғалаба учун 75 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 6 000 доллар рағбат тўлови);
Бобби Грин — 155 000 доллар (жанг учун 42 000 доллар, ғалаба учун 42 000 доллар, турнирнинг энг яхши кўрсаткичи учун 50 000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 21 000 доллар рағбат тўлови);
Алекс Перейра — 134 000 доллар (жанг учун 40 000 доллар, ғалаба қозониш учун 40 000 доллар, турнирдаги энг яхши кўрсаткич учун 50 000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Жан Вейли — 132 000 доллар (жанг учун 100 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 32 000 рағбат тўлови);
Жан Вилланте — 9 0000 доллар (жанг учун 75 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 21 000 рағбат тўлови);
Эл Яквинта — 84 000 доллар (жанг учун 73 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 11 000 рағбат тўлови);
Крис Барнетт — 74 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, ғалаба учун 10 000 доллар, турнирдаги энг яхши кўрсаткич учун 50 000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Дастин Жейкоби — 50 000 доллар (жанг учун 22 000 доллар, ғалаба қозониш учун 22 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 6 000 доллар рағбат тўлови);
Оде Осборн — 46 500 доллар (жанг учун 20 000 доллар, ғалаба учун 20 000 доллар, 2 000 доллар бонус, жангдан бир ҳафта олдин 4 500 доллар рағбат тўлови);
Билли Куарантилло — 46 000 доллар (жанг учун 40 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 6 000 доллар рағбат тўлови);
Нассурдин Имавов — 44 500 доллар (жанг учун 20 000 доллар, ғалаба учун 20 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 500 доллар рағбат тўлови);
Эдмен Шаҳбазян — 38 000 доллар (жанг учун 32 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 6 000 доллар рағбат тўлови);
Мелсик Багдасарян — 30 000 доллар (жанг учун 12 000 доллар, ғалаба учун 12 000 доллар, бонус 2 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Филипп Хоуз — 26 500 доллар (жанг учун 22 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 500 доллар рағбат тўлови);
Крис Кёртис — 24 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, ғалаба учун 10 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Иан Гарри — 24 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, ғалаба учун 10 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Жон Аллан — 18 000 доллар (жанг учун 14 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Андреас Михайлидис — 16 000 доллар (жанг учун 12 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Жордан Уильямс — 14 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Бруно Соуза — 12 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, бонус 2 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови);
Cи-Жей Вергара — 12 000 доллар (жанг учун 10 000 доллар, бонус 2 000 доллар, жангдан бир ҳафта олдин 4 000 доллар рағбат тўлови).

“Реал” қишда нақ 6 нафар футболчиси билан хайрлашмоқчи

Мадриднинг “Реал” клуби қишки трансфер мавсумида бир қанча футболчиларини сотувга қўйишни режлаштирмоқда. 

Нашрнинг хабарига кўра, “қаймоқранглилар” Хесус Вальехо, Лука Йович, Эден Азар, Гарет Бэйл, Марсело ва Иско каби футболчиларни трансферга қўймоқчи.

“Қироллик клуби” таркибни тубдан янгиламоқчи ва юқорида номи келтирилган футболчиларни жамоага ортиқ кераги йўқ, деб ҳисобламоқда. Мадрид клуби сотувдан тушган маблағни франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппени сотиб олиш, ҳамда Винисиус Жуниор билан янги шартнома имзолашга сарфлашни мўлжалламоқда.

“Манчестер Юнайтед” Сульшер ўрнига бошқа номзод топди 

Англия Премьер лигасидаги бир қатор омадсиз учрашувлардан сўнг, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти жамоанинг норвегиялик мураббийи Оле-Гуннар Сульшерни истеъфога чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда “We all follow united” хабар бермоқда.

Манба тарқатган хабарга кўра, Глейзерлар оиласи “Манчестер Сити”дан учралган мағлубиятдан сўнг шундай қарорга келган (0:2). 

Таъкидланишича, Сульшер ўрнига “Лестер” устози Брендан Рожерс тайинланиши мумкин. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, шотландиялик мутахассис ҳам “қизил иблислар”ни бошқаришга қарши эмас. Фақатгина, келаси мавсум бошидан клуб мураббийлик лавозимига келишни истамоқда. Ушбу  таклиф МЮ раҳбариятига унчалик тўғри келмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг