Меркель лавозимидан кетганидан сўнг нима қилишини айтди 

Олам 6766
image

Германия канцлери вазифасини бажарувчи Ангела Меркель лавозимини тарк этганидан кейин нима билан банд бўлиши борасида аниқ режалари йўқлигини, бироқ энди сиёсат билан шуғулланмаслигини маълум қилди. 

“Мен сиёсий можароларни ҳал қилмайман — бу билан кўп йиллардан буён шуғулланяпман: 16 йил давомида Федераль канцлер сифатида Европа Иттифоқида, халқаро миқёсда мамнуният билан доимо мультилатерализмни ёқлаб келганман. Ҳозир эса нима қилишимни ҳали билмайман. Аллақачон айтган эдим: аввал бироз дам оламан, кейин ҳаёлимга нима келишини кўрамиз”, деган у “Deutsche Welle”га берган интервьюсида. 

Шунингдек, у нафақага чиққандан кейин “ўқиш ва ухлаш”га эътибор қаратишини айтган. 

“Менимча, кейин бошқа режалар ҳам хаёлимга келади. Шунчаки, кўп йиллар давомида мен ўзимга берилган кун тартибига тўлиқ эътибор қаратганман ва мен ҳар доим тайёр бўлишим керак эди. Ҳукумат раҳбарининг вазифаларидан бири, агар бирор нарса содир бўлса, дарҳол ҳаракат қилишдир. Энди мен нима қилишни хоҳлаётганимни кўраман”, дея қўшимча қилган Меркель. 

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун икки ойча вақт кетади. 

Маълумот ўрнида, Меркель 2005 йилдан бери (тўрт муддат) Германия канцлери лавозимини эгаллаб келган, шунингдек, Христиан-Демократик Иттифоқига раислик қилган. У 2018 йилда кейинги муддат охирида лавозимидан кетишини эълон қилган. У навбатдаги сайловларга уч йил қолганида ёш сиёсатчилар масъулиятни ўз зиммасига олиши ва партияни тайёрлаши учун баёнот берган. Ҳукумат раҳбари Меркелнинг ваколат муддати тугаши ҳақидаги хабар 26 октябрь куни эълон қилинган. У янги Вазирлар Маҳкамаси шаклланмагунча канцлер лавозимида ишлайди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 225
Рейтинг: 3
t
×