Даҳшатли рақам. Шойгу Украинанинг қанча аскари йўқ қилинганини очиқлади
Олам
−
21 Сентябрь 2022
31142Украина Қуролли Кучлари Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” давомида деярли 100 минг кишини йўқотди ва ярадор бўлди. Бу ҳақда бугун, 21 сентябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари, армия генерали Сергей Шойгу “Россия-24” телеканали эфирида маълум қилди.
“Биз дастлабки босқичда Украина Қуролли Кучлари 201-202 минг кишини ташкил этганини тушунамиз. Бу вақт ичида уларда 100 мингдан ортиқ йўқотишлар бўлди. Шу билан бирга, 61207 киши ҳалок бўлди, 49368 киши жароҳат олди. Ва бу жуда катта йўқотишлар, агар биз 200 000 дан ортиқ армия ва 100 минг йўқотиш ҳақида гапирадиган бўлсак – бу йўқотилган армиянинг ярми”, дейди Шойгу.
Россия генералининг айтишича, шу сабабли Украинага сафарбарликнинг тўртинчи тўлқини аллақачон бошланган.
“Деярли 300 000 киши сафарбар қилинди”, деб қўшимча қилди вазир.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 сентябрь куни Россияда қисман ҳарбий сафарлик эълон қилинди. Муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳозирда резервда бўлган ва биринчи навбатда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, муайян ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар бўлинмаларга юборилгунга қадар махсус ҳарбий операция тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар.
Россия қисман ҳарбий сафарбарлик доирасида Украинага қарши уруш учун 300 минг кишини армияга жалб қилади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси