Бухорода табиий офат оқибатида тўхтаб қолган корхоналар ишлай бошлади
Жамият
−
30 Апрель 2020
4828Жорий йилнинг 27 апрель куни Туркманистондан кириб келган кучли шамол Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги инфратузилма объектлари ва аҳоли хонадонларига зарар етказди. Энергия таъминоти корхоналарида иш тўхтаб қолди. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар бўлди.
Табиий офат натижасида ушбу вилоятлардаги айрим нефт ва газ ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти вақтинча тўхтаб қолган эди. Бугунга келиб уларнинг фаолияти қайта тикланган. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖнинг малакали мутахассислари ҳамкорлигида қилинган таъмирлаш ва тиклаш ишлари натижасида юқори кучланишли электр энергияси Бухоро 110 КВт Л-Газли-2 подстанциясига берилди. 29 апрель куни соат 03:00 дан бошлаб "Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси"га қарашли "Учқир" газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасидаги барча технологик тармоқлар ва юқори босимли буғ етказиб бериш қозонлари қайта ишга туширилди.
Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик департаментининг маълум қилишича, ҳозирда қурилмалар тўлиқ иш режимида фаолият юрита бошлаган. "Ўзтрансгаз" АЖ магистрал газ қувурларига соатига 450 минг.куб метр табиий газ етказиб бериш қайта тикланган.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистондаги бўрон Ўзбекистон ҳудудига ҳам ўтди. Хусусан, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида кучли шамол кузатилди. Бўрондан кейин тўрт вилоятда 140 мингга яқин хонадон газ таъминотидан узилиб қолди. Шунингдек, 31 киши жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди.
Бухоро вилояти табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятнинг Олот ва Қоракўл туманларини вертолётда айланиб, етказилган талафот билан шахсан танишиб чиқди.
LiveБарчаси