Тўрт вилоятда бўрондан кейин 140 мингга яқин хонадон газсиз қолди
Жамият
−
28 Апрель 2020
11231Жорий йилнинг 27 апрель куни кечқурун Бухоро вилоятида содир бўлган кучли шамол ва ёмғир натижасида газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларида 120 дан ортиқ авария ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Матбуот хизмати хабар берди.
“Шофиркон-1”, “Шофиркон-2”, “Пешку-1”, “Пешку-2”, “Ромитан-2”, “Ромитан-3”, “Ромитан-4”, “Жондор-1”, “Известковый”, “Ғиждувон”, “Шофиркон-2” каби газ тақсимлаш станциялари (ГРС) ва “Ғиждувон”, “Олот” ва “Қоракўл” каби йўналишлар фавқулодда ўчирилган.
138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газ таъминотидан узилган. Жумладан, Навоий вилоятининг Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана туманларида 21 557 та, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 6100 та, Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Шофиркан, Қоровулбозор, Вобкент, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида 110 490 та, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон, Нарпай туманларида 141 та хонадон вақтинча газсиз қолди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳудудлардаги таркибий бўлинмаларининг тезкор тиклаш гуруҳлари табиий офат сабабли зарар етган жойларда таъмирлаш ишларини бошлаб юборишган. Ҳудудлар кесимида аҳолига табиий газ етказиб беришни қайта тиклаш тўғрисидаги маълумот қўшимча равишда тақдим этилади.
Аввалроқ, Туркманистон Республикаси ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 9-40 м/сек тезликда шамол эсиши кузатилгани ҳақида хабар берган эдик. Натижада 30 киши жароҳатланган ва бир киши ҳалок бўлган.