Бухородаги бўрон жабрланувчилари сони ошди. Бир киши қурбон бўлди
Жамият
−
28 Апрель 2020
11426Аввалроқ, Туркманистон Республикаси ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 9-40 м/сек тезликда шамол эсиши кузатилгани ҳақида хабар берган эдик. ФВВ мазкур ҳодиса бўйича қўшимча маълумот берди.
Унга кўра, Бухорода юз берган бўрон натижасида бир неча фуқаро жабрланиб, улардан бир нафари ҳалок бўлди. Шунингдек, ҳудудлардаги дарахтларнинг ағдарилиши натижасида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли яшаш хонадонлари ва автотраспорт воситаларига зарар етган.
Юзага келган шамол оқибатларининг асосий қисми Бухоро вилоятига тўғри келади. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, тахминан 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
Енгил ва оғир тан жароҳати олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилган. 26 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.
Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларида штаблар ташкил этилиб, фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.
Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 704 нафар шахсий таркиб, 127 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, Коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.