Бухорода адвокат 100 минг доллар олаётганда қўлга тушди
3-саҳифа
−
28 Февраль
13130Бухорода адвокат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида, прокуратура органларидаги мансабдор танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, прокуратура органларидаги мансабдор танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Жиззах вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят Транспорт бошқармасининг Тендерлар ўтказиш бўлими бош мутахассиси Фориш туманида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхонага давлат томонидан берилган ISUZU автобусини сотиш ҳуқуқи бўлмасада, жисмоний шахсга 6,6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чиноз тумани ҳокимлиги ходими тумандаги кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган уйлардан бирининг эгасини хабардорлигисиз, у кредит тўловларини амалга оширмаётганлигини рўкач қилиб, ушбу хонадонни банк балансига қайтариш орқали, бошқа бир фуқаро номига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириб, кредит расмийлаштириб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сирдарё вилоятидаги Гулистон туманининг собиқ ҳокими ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ жиноятга алоқадорлиги аниқланганди. 13 февраль куни Бухоро вилояти Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида олаётганида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганди.
LiveБарчаси