Божхона институтида қабул шартлари ўзгаради
Жамият
−
21 Март 2020
119315
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартибига ўзгартириш киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида қайд этилган.
Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилаётган қўшимчалар қуйидагича:
Институтга ўқишга кирувчи номзодлар учун тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.
Тест синовлари топшириладиган фанлар мажмуасининг иккинчи бўлимида:
• “Божхона иши” таълим йўналиши бўйича – математика, чет тили;
• “Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналиши бўйича – тарих, чет тили фанларидан тест синовлари ўтказилади.
• Номзодларга тест синовларидаги мажбурий фанлар бўйича ҳар бир тўғри жавоби учун 2,1 балл, таълим йўналиши бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл берилади.
Институтга:
• умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом талабларига жавоб берадиган;
• ҳарбий хизматни ўтамаган ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган фуқаролар;
• ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн саккиз ёшга тўладиган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар;
• йигирма олти ёшгача бўлган ва олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг талабалари бўлган фуқаролар танлов асосида қабул қилинади.
Номзодларнинг бўйи 165 см.дан (қиз болалар учун 160 см) паст бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, қабул йилида 11-синф негизидаги умумий ўрта ёки ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаган номзодларнинг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг аслини қабул йилининг 25 июнь кунига қадар Қабул комиссиясига етказишлари лозим.
Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳаражатлар қопланади:
– тест синовлари ўтказиладиган кунда Давлат тест маркази вакиллари, бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларга тушлик ташкил этиш;
– тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг ижара ҳақи;
– тест синовларини ўтказиш жараёнида номзодлар, Давлат тест маркази вакиллари, бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларини етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан таъминлаш учун маблағлар.
Миллий ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларининг бирига эга бўлган номзодларга чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ҳамда улар ушбу фан бўйича тест синовидан озод этиладилар:
• инглиз тили учун – миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5,5), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
• япон тили учун – миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
• немис тили учун – миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
• француз тили учун – миллий сертификат ёки Diplôme d’Etudes en Langue Française (DELF), Test de Connaissance du Française (TCF4) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
• бошқа тиллар учун – миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори.
Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг (ички ишлар органлари бундан мустасно) фарзандлари Институтга дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларисиз белгиланган қабул квоталари ичида Институт бакалавриатига ўқишга қабул қилинадилар.
Ҳарбий хизматни ўташда халок бўлган, шунингдек ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари вазирлик ва идораларнинг тавсияномалари ҳамда дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларисиз қабул квоталаридан ташқари Институт бакалавриатига ўқишга қабул қилинадилар.
Терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларисиз қабул квоталаридан ташқари Институт бакалавриатига ўқишга қабул қилинадилар.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимларининг фарзандлари ажратилган беш фоизли квоталар доирасида дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тақдимномаси асосида Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларисиз қабул қилинадилар.
Ички ишлар органлари амалдаги ходимларининг фарзандларини ажратилган беш фоизли квоталар доирасида Институтга қабул қилишда ўринлар махсус касбий танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб кетма-кетлик тартибида тақсимланади.
Ажратилган беш фоизли қабул квоталарига қабул қилинмаган номзодлар махсус касбий танлов натижалари бўйича тўплаган баллари билан умумий тартибда танловда иштирок этадилар.
Дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари тенг бўлган ҳамда ажратилган беш фоизли қабул квоталари бўйича охирги ўринни эгаллашга даъвогар бўлган номзодлар Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига киритилади ҳамда улардан энг юқори балл тўплаган бир нафар номзод охирги имтиёзли ўринга ўқишга қабул қилинади.
Институтга номзодлар қабули учун умумий ўринлар сони таркибида имтиёзли квоталар доирасида вазирлик ва идораларга ажратиладиган ўринлар сонини белгилашда ўрта арифметик ҳисоблашдан фойдаланилади ва қуйидагиларга амал қилинади:
• бутун рақамдан кейинги рақамлар 0,5 – 0,99 оралиғини ташкил эса, яхлитланган ҳолда 1 та қўшимча ўрин ажратилади;
• бутун рақамдан кейинги рақамлар 0,01 – 0,49 оралиғини ташкил эса, яхлитланган ҳолда қўшимча ўрин ажратилмайди.
• Имтиёзга эга амалдаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ажратилган беш фоизли квота бўйича ўринларга номзодлар вазирлик ва идоралар кесимида танловда иштирок этадилар ҳамда Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларидан келиб чиқиб, кетма-кетлик тартибига мувофиқ Институтга ўқишга қабул қилинадилар.
Вазирлик ва идоралар кесимида имтиёзга эга амалдаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ажратилган беш фоизли квота бўйича охирги ўринда турувчи номзоднинг тест синовларида тўплаган жами бали билан ундан кейинги ўринларда турувчи номзоднинг тўплаган баллари бир хил бўлса, улар орасидан таълим йўналиши фанлари бўйича энг кўп балл тўплагани ўқишга қабул қилинади.
Курсантларни ўқишдан четлаштириш ва кейинчалик уларни ўқишга тиклаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
LiveБарчаси