БМТ конференциясида дипломатлар Россияни бойкот қилди (видео)
Олам
−
01 Март 2022
16183Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг БМТ конференциясидаги нутқи трансляцияси чоғида бир қатор Ғарб делегациялари бойкот эълон қилиб, зални тарк этишди. Бу ҳақда “Франс Пресс” агентлиги хабар бермоқда.
“Дипломатлар Лавровнинг олдиндан ёзиб олинган нутқи бошида зални қўполлик билан тарк этишди”, дейилади хабарда.
Агентликнинг таъкидлашича, эшиттириш бошланганда “кўп сонли” давлатлар дипломатлари залдан шошилиб чиқиб кетишган. Шу билан бирга зал ташқарисида демарш олқишлар билан кутиб олинган. Яман, Жазоир, Венесуэла, Сурия ва Тунис делегациялари россиялик вазирни тинглаш учун қолган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Лавровни бойкот қилган дипломатларни “иккиюзламачилар ва мутаассиблар” деб атади. Унинг сўзларига кўра, “режими Донбассда тинч аҳолини ўлдирган” Украина учун бундай бойкот ҳеч қачон ташкил қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лавровнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ва Қуролсизланиш бўйича конференцияга ташрифи Европа устидаги ҳаво ҳудуди Россия учун ёпиқлиги сабабли бекор қилингани хабар қилинганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь