“Биз душман эмасмиз". Россия махсус кучлари Украина ҳарбийларига мурожаат йўллади

Олам

image

Россия махсус кучлари Киев яқинида Украина Қуролли кучлари ҳарбийларига мурожаат қилди. Бу ҳақда Россия армиясининг Украинадаги махсус операциясини ёритаётган "Россия баҳори" маълум қилди.

“Украина ҳарбийларига мурожаат қиламан. Биз америкаликлар эмасмиз ва сизларга демократия келтирмаймиз. Агар сизда бўлса, биз унга тегмаймиз. Украина Украина бўлиб қолади.

Яқин кунларда сизни хорижликларга сотаётган режим кучини олиб ташлаймиз. Бу чириган тизим учун ҳаётингизни беҳуда сарфламанг, уларни Ватанингиз ва яқинларингиз учун асранг”, дейди ҳарбий мурожаатчилар.

Уларга кўра, Украинанинг амалдаги раҳбарияти Европа ва НАТОга яқинлашиш орқали Россиянинг жиғига теккан. Ҳарбийлар Украина ва унинг халқига душман эмасликларини иддао қилмоқда. 

“Россияни душман деб, НАТОни бу ерга таклиф қилиб, бизга бошқа чора қолдирмади. Биз душман эмасмиз. Бироздан сўнг бунга ўзингиз амин бўласиз. Бизга тегманг биз сизга тегмаймиз”, дейди Россия ҳарбийлари.

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина ҳарбийларига мурожаат қилиб, улардан қуролларини ташлашни, амалдаги давлат раҳбари ва Ҳукуматни ағдариб, бошқарувни ўз қўлларига олишларини таклиф қилганди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг