Тошкентда топилган артиллерия снаряди, номини оқлаган Усмонов, тарихда тенгги йўқ Роналду – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
28 Декабрь 2021
11458Жамият
Сирдарёда икки аёлни Туркияга фоҳишалик учун жўнатаётган шахс ушланди
Жорий йилнинг 24 декабрь куни Сирдарё вилоятида икки аёлни фоҳишалик учун Туркияга олиб кетаётган шахс ушланди. Вилоят ИИБ Матбуот хизматининг маълум қилишича, тезкор тадбир ТEҚКБ ҳамда ДХХ ҳудудиий бошқармаси ходимлари томонидан Сирдарё туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида 1978 йилда туғилган, оилали, Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани, Сайхун шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаро И.С ўзининг танишлари бўлган 1984 йилда туғилган, ажрашган, Гулистон тумани, Деҳқонобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи К.М. ҳамда 1994 йилда туғилган, ажрашган, Сирдарё шаҳри, “Қуёш” МФЙда истиқомат қилувчи Қ.Д.ни Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланишга олиб кетаётган вақтида “Сирдарё” ЙПХ масканида қўлга олинган.
Биржа: бензин, пахта ёғи ва шакар арзонлашди
Жорий йилнинг 20 – 26 декабрь кунлари очиқ биржа савдолари орқали жами 1 840,0 млрд сўмлик товар ресурслари сотилган. Бензин, шакар ва пахта ёғи нархларида пасайиш қайд этилган. Бу ҳақда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафтада биржада АИ-80 русумли автомобиль бензинининг нархи сезиларли пасайган. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 4,4 минг тоннани, сотувнинг умумий ҳажми 21 940,0 тоннани ташкил этган.
Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензинининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 151,3 минг сўмдан 7 762,3 минг сўмгача, яъни 4,8 фоизга пасайган.
Ўтказилган биржа савдолари натижасида АИ-80 русумли автомобиль бензини бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7 914,2 минг сўмни ташкил этган.
HUMO ва UZCARD терминаллари бирлаштирилди
HUMO ва UZCARD тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлади. Бу ҳақда Марказий Банк Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Шу тариқа ҳар иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилиш амалиёти намойиш этилди. Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди - савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади”, дейилади МБ хабарида.
Ўзбекистонда АЭС қурилишига қаршилар бор – Россия элчиси
Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишни истамайдиган давлатлар бор. Бу ҳақда Россиянинг Тошкентдаги элчиси Александр Мальгинов кеча, 27 декабрь куни Тошкентда ўтказилган йиллик ҳисобот анжуманида маълум қилган.
Таъкидланишича, бунга Ўзбекистон АЭС қурилиши учун Россиянинг “Росатом” компаниясини танлагани сабаб бўлган. Айни пайтда лойиҳа мутахассислар томонидан ишлаб чиқиш босқичида, қурилиш ишлари келгуси йилда бошланиши режалаштирилган.
“Каттаконлар”нинг компанияларини ошкор этган сайт асосчисига оид иш тугатилди
Давлат статистика қўмитасининг Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига юборган хати ортидан Orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан очилган иш тугатилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га сайт асосчисининг ўзи маълум қилди.
“Бугун эрталаб хат ташлаб кетишди, ИИБдан экан. Унга кўра, шу иш ўрганиб чиқилиб, жиноий ёки мамурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланмаганлиги туфайли иш қўзғатиш рад қилинанлиги тўғрисида қарор қабул қилинибди”, дейди Бобурмирзо Ҳамроқулов.
У сайти фаолиятини давом эттирмоқчи. Унга бундай талаб ҳам қўйилмаган.
Тошкентдаги қурилиш майдонидан артиллерия снаряди топилди
Кеча, 27 декабрь куни 102 рақамига 26 ёшли қашқадарёлик Шуҳрат Т.дан ИИБга хабар келиб тушган. Унинг айтишича, таниши 29 ёшли Алиакбар М. билан биргаликда Яккасарой туманида қурилаётган обеъкт ҳудудида шубҳали, артиллерия аслаҳаларига ўхшаш занглаган буюмлар топган. У фуқаролик масъулиятидан келиб чиқиб тезкор хизматларга хабар берган.
Кўрсатилган манзилга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг махсус мутахассислари билан биргаликда етиб келган. Текширув ўтказилгач, топилган буюмлар ўқув машғулотлари давомида фойдаланишга мўлжалланган иккита 115 мм.лик ўқув снаряди ва иккита 82 мм.лик ўқув миномёти эканлиги маълум бўлди.
Олам
Вазият таранг. Россия АҚШ ва Европа билан хавфсизлик масаласини келишиб олмоқчи
Москва ва Вашингтон 2022 йилнинг 10 январь куни қурол назорати ва Украинадаги вазият бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди.
“АҚШ Россия билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқда”, дейди Америка Миллий хавфсизлик кенгаши вакили.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг 12 январь куни Россия-НАТО кенгаши йиғилиши, эртаси куни эса Россия ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Тожикистон ва Афғонистон келишиб олди
Тожикистон ва Афғонистон электр тармоқлари компаниялари 2022 йил учун қўшни давлатга тожик электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
Ҳужжат “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) ва “Барқи Тожик” ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича имзоланди, дейилади афғон компанияси сайтида эълон қилинган қисқа хабарда.
Қайд этилишича, ҳужжатни DABS раҳбари Ҳафиз Муҳаммад Амин ва “Барқи Тожик” компанияси бош директори Мирзо Исмоилзода имзолаган.
“Путиннинг одамлари” китобида Усмонов ҳақидаги “бўҳтонлар” тузатилди
“Путиннинг одамлари” китобини чоп этган Британиянинг HarperCollins нашриёт уйи китобда россиялик миллиардер Алишер Усмонов номи тилга олингани сабабли унга ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда РБКга тадбиркорнинг вакили маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, китобнинг 2020 йилда чоп этилган биринчи нашрида Усмонов “Газпром”даги мансабидан фойдаланиб, бойлигини кўпайтиргани ҳақида ёлғон маълумотлар бор эди. Китобнинг қайта кўриб чиқилган нашрида Усмонов Британия элитасига “пора беришга” уринганлиги ва у Кремлнинг “ишончли одами” ҳисоблангани ҳақидаги сўзлар ҳам чиқариб ташланган.
“Китобга ўзгартириш киритиш бўйича суддан ташқари келишувга эришиш мумкин эди”, деган Усмоновнинг вакили.
Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учради
Кеча, 27 декабрь куни Олма-ота – Бишкек йўлида автобус ва Mercedes-Benz русумли автомобиллар тўқнашиб кетди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бу ҳақда “Zakon” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча соат 21:40 ларда Қозоғистоннинг Олма-ота вилояти ҳудудидан ўтган Олма-ота — Бишкек автомобиль йўлида ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобус ва Mercedes-Benz автомобили иштирокида йўл-танспорт ҳодисаси содир бўлган.
Спорт
“Бельгиянинг энг кучли одами” коронавирусдан вафот этди
Кикбоксинг бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони 41 ёшли Фредерик Синистра коронавирус асоратлари туфайли вафот этди. Бу ҳақда “The Sun” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, “Бельгиянинг энг кучли одами” деб топилган 41 ёшли спортчи ноябрь ойи охирида ўпка касаллиги туфайли шифохонага ётқизилган. Кейинчалик спортчи шифохонадан чиқарилган, аммо орадан кўп вақт ўтмасдан вафот этган.
Вафотидан бироз олдин Синистра ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига сунъий нафас олиш аппаратига уланган ҳолда ётган расмини жойлаган ва уйида даволанаётганини, аҳволи анча яхшилигини айтиб, қўллаб-қувватлаганларга раҳмат айтган.
Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари деб топилди
Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду “Globe Soccer Awards” йиллик тақдирлаш маросимида барча даврларнинг энг яхши тўпурари, деб топилди.
Қайд этилишича, Роналду ҳисобида шу кунгача терма жамоа ва клубларда урилган 802 та гол бор. Бироқ, расмий статистик манбалар, жумладан FIFA маълумотларига кўра 805 та гол урган австрия-чехиялик ҳужумчи Йозеф Бицан футбол тарихидаги энг яхши тўпурар ҳужумчи саналади. Роналду эса иккинчи ўринда.
Шунингдек, Франция терма жамоаси ва ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе йилнинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик собиқ футболчи Ширшов 47 ёшида вафот этди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Николай Ширшов 47 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Россиянинг “Ростов” клуби матбуот хизмати хабар берди. Бироқ унинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ширшов фаолиятини 1991 йилда Собиқ Иттифоқ қуйи лигасининг “Свердловец” клубида (Тошкент вилояти) бошлаган. Кейинчалик “Пахтакор”нинг асосий таркибида ўйнаган (1992 – 2000).
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь