Ўзбекистонда АЭС қурилишига қаршилар бор – Россия элчиси
Жамият
−
28 Декабрь 2021
15462Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишни истамайдиган давлатлар бор. Бу ҳақда Россиянинг Тошкентдаги элчиси Александр Мальгинов кеча, 27 декабрь куни Тошкентда ўтказилган йиллик ҳисобот анжуманида маълум қилган.
Таъкидланишича, бунга Ўзбекистон АЭС қурилиши учун Россиянинг “Росатом” компаниясини танлагани сабаб бўлган. Айни пайтда лойиҳа мутахассислар томонидан ишлаб чиқиш босқичида, қурилиш ишлари келгуси йилда бошланиши режалаштирилган.
“Биз жараён конструктив ва барча Марказий Осиё давлатлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилинади, деган фикрдамиз. Унинг қурилишига қанча маблағ сарфланмасин, ўз самарасини беради. Асосийси, у Ўзбекистоннинг энергияга бўлган талабига жавоб беради”, деган Мальгинов.
“Росатом” Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида “3+” авлоддаги иккита ВВЭР-120 реакторидан иборат комплекс қуришни режалаштирмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Жиззах АЭС ишга туширилганда Ўзбекистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжининг 15 фоизини таъминлайди.
Қайд этилишича, ҳозирда Республика жиддий энергия ва газ тақчиллигига дуч келмоқда, агар илгари Ўзбекистон газни бошқа давлатларга экспорт қилган бўлса, эндиликда ҳукумат ўз саноати эҳтиёжларини қондириш учун газ сотиб олишга мажбур. Республика газни хорижга фақат тузилган узоқ муддатли шартномалар асосида етказиб беради.
Маълумот ўрнида, 2018 йил сентябрь ойи бошида Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Республика ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.
2018 йилнинг октябрь ойида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ушбу йирик лойиҳага старт берганди.
LiveБарчаси