“Каттаконлар”нинг компанияларини ошкор этган сайт асосчисига оид иш тугатилди

Жамият

image

Давлат статистика қўмитасининг Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига юборган хати ортидан Orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан очилган иш тугатилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га сайт асосчисининг ўзи маълум қилди.

“Бугун эрталаб хат ташлаб кетишди, ИИБдан экан. Унга кўра, шу иш ўрганиб чиқилиб, жиноий ёки мамурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланмаганлиги туфайли иш қўзғатиш рад қилинанлиги тўғрисида қарор қабул қилинибди”, дейди Бобурмирзо Ҳамроқулов.

У сайти фаолиятини давом эттирмоқчи. Унга бундай талаб ҳам қўйилмаган.

“Фақат ўтган ҳафтада stat.uz томонидан сайтдан кўп миқдорда маълумотларни  олишга тўсиқ қўйилибди. Буни текшириб кўрсангиз бўлади, битта корхона маълумотини олиб саҳифани тез-тез янгиласангиз IP манзилингиз 30 дақиқага блок қилинади”, дейди дастурчи.

Эслатиб ўтамиз, юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Давлат статистика қўмитаси киритган аризага асосан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилганди.

Статистика қўмитаси Матбуот котиби эса Orginfo.uz сайти асосчиси устидан ИИБга шикоят қилмаганини, фақатгина расмий Stat.uz ва Orginfo.uz сайтидаги тафовутлар сабаб мурожаатлар тушганини, шу сабабдан Ўзкомназоратга хат юборганини маълум қилди.

Маълумот учун, дастурчига нисбатан Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда суд муҳокамаси бўлиши кутилаётганди.


Мақола муаллифи

Теглар

сайт

Баҳолаганлар

770

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг