Беларусни “титратган” намойишлар тарғиботчисини Россия молиялаштиргани айтилмоқда

Олам

image
0:00
0:00
download

Беларусда мухолифатчи бўлган NEXTA Telegram-канали ҳомийлари орасида Россия компанияси ҳам бўлган. Мамлакатнинг Урал регионида жойлашган ушбу компания тоғ-кон саноатида фаолият юритади. Бу ҳақда Беларусда ҳибсда сақланаётган мухолифатчи Роман Протасевич ОНТ давлат телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Мухолифатчи Протасевичдан интервью олган журналист Марков Сергеевич собиқ ҳарбий бўлиб, у давлат телеканали учун ишлайди. Марков суҳбат давомида NEXTA Telegram-канали қайси маблағлар ҳисобига кун кўриши ҳақида сўраган. Бунга Протасевич қуйидагича жавоб қайтарган.

“Канал ўқувчилари ўз хоҳишига кўра таҳририятни маълум миқдорда қўллаб-қувватлаши мумкин. Рекламалар ҳам чиқиб туради. Эҳтимол, зиддиятнинг биринчи нуқтаси NEXTA лойиҳасини Россия томонидан молиялаштириш бўлиши мумкин. 

Дастлаб, канал обуначилари 20 долларгача бўлган кичик ўтказмалар амалга оширарди. Тахминан 2020 йил июль ойида вазият шунақа эди. Орадан икки ҳафта ўтгач, Степан (Степан Путило, NEXTA асосчиси — таҳр.) Россиянинг битта компанияси бизга доимий равишда катта пул ўтказмаларини амалга ошираётгани билан мақтанди. Камида ҳар ҳафта 3–5 минг евродан”, дейди ҳибсдаги мухолифатчи Протасевич.

Мухолифатчи ўша компаниянинг номини эслай олмаслигини, аммо бу Россиянинг Урал региони ва тоғ-кончилик саноати билан боғлиқлигини ҳамда унга йирик бир олигарх эгалик қилишини таъкидлаган. 

Ўз навбатида, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков беларуслик ушбу мухолифатчининг юқоридаги сўзларига муносабат билдириб, қайси рус олигархи ҳақида гап кетаётганини билмаслигини айтган.

“Йўқ, биз билмаймиз. Қайси бизнесмен ҳақида гап кетаётганини билмайман. Балки, Беларусь томонидан аниқлаштириш керакдир”, дейди Песков.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилди. 

Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади. 

Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.

Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?

Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.

Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган. 

Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда. 

Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).

“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди. 

Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусь

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг