Баку ва Ереван яна бир-бирига “тош отди”
Олам
−
04 Май 2023
4869Бугун, 4 май куни Прагада Чехия Бош вазири Петр Фиала билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян Озарбайжоннинг Лочин йўлагини тўсиб қўйгани сабабли (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазият инқирозли тус олганини айтди ва халқаро ҳамжамият Баку ҳаракатларига мақсадли баҳо беришга чақирди.
“Мана тўрт ойдирки, Тоғли Қорабоғда газ таъминоти узилган, электр таъминотида узилишлар мавжуд, озиқ-овқат маҳсулотлари талон билан сотилмоқда, бу эса гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Тоғли Қорабоғ ва Лочин йўлагига халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юбориш зарур деб ҳисоблаймиз. Халқаро ҳамжамият Озарбайжон ҳаракатларига мақсадли баҳо бериши керак”, деган Арманистон Бош вазири.
Шунингдек, у таранг вазиятга қарамай, Ереван минтақада тинчликка эришиш тарафдори эканини қўшимча қилган.
Пашиняннинг бундай чиқишидан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилиб, Арманистон Бош вазирининг айбловлари асоссиз экани ва уни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтган.
Вазирликнинг таъкидлашича, Арманистон Бош вазирининг Озарбайжоннинг суверен ҳудудида “Лочин” чегара пунктини ташкил этиш масаласига берган изоҳи минтақада тинчлик ўрнатиш манфаатларига хизмат қилмайди. Баку Ереванни Озарбайжоннинг ички ишларига аралашмасликка ва тажовузкор риторикадан воз кечишга чақирган.
“Арманистон тарих сабоқларини олмаган. Акс ҳолда, Ереван қандайдир “этник тозалаш” ҳақида бемаъни даъволарни илгари сургандан кўра, ўз жиноятларини, озарбайжонларни депортация қилиш сиёсатини тан олган ва кечирим сўраган бўларди. Баку ва Ереван ўртасидаги келишув бўйича музокаралар фонида арман томонининг бузғунчи баёнотлари минтақада тинчликка хизмат қилмайди”, дея таъкидланади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лочин йўлагига Озарбайжон томонидан назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши ортидан Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияни вазиятга аралашишга чақирганди. Бу орада АҚШ Ереван ва Бакуга музокараларни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Россия томони эса вазиятга қўп ойлик ҳаракатсизлик сабаб бўлганини айтиб ўтди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 29 апрелда Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга, 30 апрелда эса Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга телефон қилиб, минтақада тинчликка эришиш имкони борлиги, бунинг учун бевосита мулоқот ва дипломатия кераклигини айтди. Шундан сўнг, 1 май куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари Жайҳун Байрамов ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян Вашингтон чеккасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен воситачилигида учрашди. Тез орада бундай учрашув Москвада ҳам ўтказилиши айтилди.
LiveБарчаси