Блинкен Алиевдан Лочин йўлагини очишни сўради
Олам
−
01 Май 2023
7310Кеча, 30 апрель куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Блинкен Лочин йўлагининг хусусий транспорт воситалари учун тезроқ очилиши муҳимлигини таъкидлаб, унда назорат пункти ташкил этилишидан хавотир билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер баёнотида айтилди.
Унинг сўзларига кўра, Блинкен Алиев билан Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокаралари муҳимлигини таъкидлаш учун гаплашган ва бундан кейин ҳам Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланишини ваъда қилган. Блинкен тинчликка эришиш мумкинлигига ишонч билдирган.
“Шунингдек, у Озарбайжоннинг Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ташкил этиши тинчлик жараёнига ишончни ўрнатишга уринишларга путур етказаётганидан Қўшма Штатларнинг чуқур хавотирини билдирди ҳамда Лочин йўлагини тижорат ва хусусий транспорт воситалари учун имкон қадар тезроқ очиш муҳимлигини таъкидлади”, дейди Миллер.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Блинкен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан ҳам телефонда гаплашган эди. Кеча, 30 апрель куни эса Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари икки давлат ўртасида “Тинчлик шартномаси” лойиҳаси бўйича навбатдаги музокаралар ўтказиш учун Вашингтонга учиб кетганди.