Озарбайжон Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди. Арманистон эса Россиянинг аралашувини кутмоқда
Олам
−
24 Апрель 2023
4175Баку Арманистонни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўлда – Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат чегара хизмати маълум қилди.
Расмий Баку назорат-ўтказиш пункти орқали у ердан инсон, қурол-яроғ ва миналарнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашишини таъкидлаган. Арманистон эса Озарбайжоннинг бундай ҳаракатидан норозилик билдирган.
“Озарбайжон ҳукумати 2020 йил 10 ноябрдаги Уч томонлама баёнотга зид равишда Арманистон томонининг Лочин-Хонкенди йўлидан ноқонуний мақсадларда мунтазам ва кенг кўламда фойдаланаётгани ва бундан келиб чиқадиган хавфсизликка таҳдидларни ҳисобга олиб, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги чегарада назорат ўрнатиш бўйича тегишли чоралар кўради”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Ереван эса Лочин йўлагидаги Хакари кўпригидаги назорат-ўтказиш пункти 2020 йилги ўт очишни тўхтатиш келишувини қўпол равишда бузаётганини даъво қилмоқда ва Россияни ўз мажбуриятларини бажаришга чақирмоқда. Унга кўра, Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиши керак.
“Биз Россия Федерациясини Лочин йўлагиининг ноқонуний блокадасини олиб ташлаш ва Озарбайжон қўшинларини йўлакнинг бутун хавфсизлик зонасидан олиб чиқиб кетилишини таъминлаш орқали Уч томонлама баёнотнинг 6-бандида кўрсатилган мажбуриятни бажаришга чақирамиз”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.