АҚШ Баку ва Ереван ўртасида воситачилик қилди
Олам
−
02 Май 2023
4609Кеча, 1 май куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари Жайҳун Байрамов ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян Вашингтон чеккасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен воситачилигида учрашди. Бу ҳақда вазирликларнинг матбуот хизматлари хабар берди.
Шу тариқа АҚШ пойтахтида Ереван ва Баку ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувга оид навбатдаги муҳокамалар раунди бўлиб ўтди. Блинкен Вашингтон чеккасида жойлашган Арлингтондаги Жорж Шульц номидаги Ташқи ишлар миллий ўқув марказида дастлаб Мирзоян, сўнгра Байрамов билан алоҳида учрашган. Кейин у ерда уч томонлама йиғилиш бўлиб ўтган.
Учрашув якунига кўра, Арманистон ТИВ матбуот хизмати минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш масалалари, шунингдек, уч томонлама форматда Лочин коридорини блокировка қилиш масалалари муҳокама қилинганини тасдиқлаган. Бироқ ҳеч бир томони эришилган аниқ келишувларни очиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лочин йўлагига Озарбайжон томонидан назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши ортидан Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияни вазиятга аралашишга чақирди. Бу орада АҚШ Ереван ва Бакуга музокараларни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Россия томони эса вазиятга қўп ойлик ҳаракатсизлик сабаб бўлганини айтиб ўтди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 29 апрелда Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга, 30 апрелда эса Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга телефон қилиб, минтақада тинчликка эришиш имкони борлиги, бунинг учун бевосита мулоқот ва дипломатия кераклигини айтди.
LiveБарчаси