Австралия россиялик 33 тадбиркорга санкция киритди

Олам

image

Австралия ҳукумати 33 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан янги санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда бугун, 14 март куни Ташқи ишлар вазири Мэрис Пэйнга таяниб “Bloomberg” хабар берди. 

Санкция рўйхатига киритилганлар орасида “Челси” футбол клуби эгаси Роман Абрамович, “Газпром” раҳбари Алексей Миллер, “Россия банки” директорлар кенгаши раиси Дмитрий Лебедев, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, “Транснефт” раҳбари Николай Токарев, ВЕБ. РФ раиси Игор Чувалов ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев бор. 

“Австралия ҳукумати бугун россиялик тадбиркорлар, таниқли ишбилармонлар ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан санкциялар эълон қилди. Бу бизнинг улкан шахсий бойлик тўплаган ва Россия учун иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган, шу жумладан Россия Президенти Владимир Путин билан шахсий алоқалар ўрнатган одамларга чора кўришга содиқлигимизни кўрсатади”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Аввалроқ Австралия 460 нафар Россия фуқаросига, жумладан, Россия президенти Владимир Путинга, шунингдек, бир қатор вазирлар ва юқори мартабали амалдорларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланилишини эълон қилган эди. Бундан ташқари, Австралия санкциялари рўйхатига Россия Федерацияси Қуролли кучлари ва Россиянинг бир қатор етакчи корхоналари ва молия-кредит ташкилотлари, жумладан, Россия Марказий банки ҳам киритилган. Австралиянинг сўнгги санкция пакетлари жорий йилнинг 3, 8 ва 11 март кунлари жорий қилинган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг