Арманистон Озарбайжон билан тинчлик музокараси имзолашга тайёрлигини билдирди
Олам
−
04 Апрель 2022
4678Арманистон яна бир бор Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян кеча, 3 апрель куни Италия ТИВ раҳбари Луижи Ди Майо билан бўлиб ўтган қўшма брифингда маълум қилди.
“Бугун биз минтақавий ва халқаро хавфсизликка оид масалаларни муҳокама қилдик. Мен Озарбайжоннинг Қорабоғда этник тозалашга қаратилган сиёсати, Озарбайжон қуролли кучларининг Парух қишлоғига кириб келиши (озарбайжонча номи – Фаррух), ўт очишни тўхтатиш режимини бузиши ортидан Арцахда гуманитар инқирозни юзага келтирувчи қадамлар сабаб юзага келган вазиятни тушунтирдим”, деган у.
Мирзояннинг сўзларига кўра, Арманистон Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қўшинлари Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти жавобгарлик зонасига киргани ҳақида баёнот берди. Якшанба куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги Баку қўшинларини Қорабоғнинг Фарух (Фаррух) аҳоли пунктидан олиб чиққани ҳақида маълум қилди.
Бироқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги уч томонлама келишув шартларини бузганини рад этди. Шунингдек, Фаррух қишлоғидан қўшинлар чиқарилганини ҳам инкор этди.
Бу орада тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат эълон қилинди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь