Арманистон собиқ раҳбарларининг барчаси ҳарбий жиноятчилар – Алиев
Олам
−
13:30 235 3 дақиқа
Қорабоғдаги уруш учун барча айбни Арманистоннинг аввалги раҳбарияти зиммасига юклаб бўлмайди, бироқ мамлакат собиқ раҳбарларининг барчаси ҳарбий жиноятчилар ва муносиб жазоларини олишлари керак. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Янги Озарбайжон” партиясининг VIII қурултойида сўз очди.
Алиев ўз чиқиши чоғида Арманистоннинг аввалги раҳбарияти ҳақида фикр билдирган.
“Барча айбни фақатгина Арманистоннинг аввалги раҳбарияти зиммасига юклаб бўлмайди. Тўғри, Арманистоннинг собиқ раҳбарлари – уларнинг барчаси ҳарбий жиноятчилардир ва муносиб жазоларини олишлари керак.
Арманистоннинг амалдаги ҳокимияти ҳам бизга нисбатан ҳудудий даъволар билан чиққан, озарбайжон халқини ҳақорат қилишга уринган, ўзининг ўринсиз ва беодоб баёнотлари билан Озарбайжон халқининг шаънини топтаган”, дейди минбардан Алиев.
Шунингдек, у Озарбайжон аҳолиси “буни ҳеч қачон унутмаслиги кераклигини” айтган.
Ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партиясининг VIII қурултойи Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тўлиқ тиклаганидан сўнг илк бор бўлиб ўтмоқда. Алиев партиянинг ўтган қурултойи мутлақо бошқача шароитда бўлганини эслаган.
“Ахир шонли Ғалабамиздан бери атиги бир неча ой ўтган эди ва бутун дунё бу ҳақда гапираётган эди. Озарбайжон мустақил равишда ва ягона ўзи нафақат оккупацияга чек қўйди, балки минтақада янги воқеликни шакллантирди. Ўшандан бери – Иккинчи Қорабоғ урушидаги Ғалабамиз давридан бери ушбу воқеликлар бутун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинди”, дейди президент.
Қорабоғдаги уруш
Совет Иттифоқи парчаланганидан ва 1992–1994 йилларда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қуролли можародан сўнг собиқ Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва Озарбайжон Республикасининг унинг атрофидаги еттита маъмурий тумани арман оккупацион кучлари ва айирмачилари назорати остида қолган эди.
2020 йилнинг сентябрида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қуролли можаро қайта бошланди. 2020 йил 10 ноябрга ўтар кечаси Россия Федерацияси воситачилигида урушаётган томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Озарбайжон томони собиқ мухтор вилоят атрофидаги барча оккупация қилинган туманлар, шунингдек, собиқ Ҳадрут тумани, Хўжаванд, Хўжали ва Тартар туманларининг бир қисми ва Шуша шаҳри устидан тўлиқ назоратни тиклади. Минтақада Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди. Оккупациядан озод қилинган Озарбайжон туманлари ҳудудида Қорабоғ ва Шарқий Зангезур иқтисодий районлари ташкил этилди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 2023 йил 19 сентябрда фитналарнинг олдини олиш, ноқонуний қуролли тузилмаларни қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш, Арманистон Қуролли кучларини Озарбайжон ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш ва конституциявий тартибни тиклаш учун Қорабоғда маҳаллий аксилтеррор тадбирларини бошлади. 20 сентябрь куни Қорабоғнинг арман аҳолиси мурожаатидан сўнг, Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида қуролларни топшириш, Арманистон Қуролли кучлари тузилмаларини Озарбайжон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ҳамда ноқонуний қуролли тузилмаларни тўлиқ қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш шарти билан маҳаллий аксилтеррор тадбирлари тўхтатилди. 2023 йил 24 сентябрдан ой охиригача Озарбайжон таркибига реинтеграциялашув шартларини қабул қилишни хоҳламаган Қорабоғнинг арман аҳолиси минтақани тарк этди ва Арманистонга чиқиб кетди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2025 йил 8 августда Вашингтонда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари томонидан тинчлик битимини парафировка қилиш (дастлабки имзолаш) ва давлатлараро муносабатларни қайта тиклаш тўғрисидаги декларацияни қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илҳом Алиев Бишкекда бўлиб ўтган “ШҲТ плюс” саммитида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Арманистон билан низони ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамаганини айтган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь