Андижонда ушланган экстремистлар, “Толибон”нинг хатоси, Россияни йўқ қилиш йўлини айтган Путин... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун, 24 декабрь куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда кўплаб муҳим воқеликлар содир бўлди. Хусусан Андижонда “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари ушланган бир вақтда Путин Россияни йўқ қилиш йўлини маълум қилди. Шу каби муҳим янгиликлар тафсилоти билан қуйида танишинг.

Жамият 

Тошкент вилоятидаги мактабда жанжални тўхтатаётган ўқувчини урган шахсга жиноят иши очилди

Ижтимоий тармоқда Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги 18-мактабда ўқувчилар ўртасида оммавий жанжал юз бергани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Мазкур ҳолат Тошкент тумани ИИБ ходимлари томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 30 ноябрь куни соат тахминан 10:00 ларда Тошкент туманида жойлашган 9-мактаб спорт залида, туман ХТБга қарашли 18-мактаб ўқувчилари ва 31-мактаб ўқувчилари ўртасидаги баскетбол мусобақаси жараёнида ўзаро жанжал келиб чиққан.

Мусобақада кузатувчи бўлган 2001 йил туғилган С.А. спорт залда ўзаро жанжаллашаётган мактаб ўқувчиларини безорилик ҳаракатларини олдини олиш чорасини кўраётган, вояга етмаган 2004 йил туғилган Х.В. (18-мактаб ўқувчиси)ни (жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан) ҳеч бир сабабсиз юз соҳасига уриб тан жароҳати етказган.

Самарқанддаги кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлди

Бугун, 24 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Бугун соат 09:10 да “Мерганча” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ургут кийим-кечак” бозорининг 6 та дўконида ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасидан 6 та ёнғин ўчириш экипажи зудлик билан етиб борган. Ёнғин соат 09:27 да қуршаб олиниб, 10:14 да тўлиқ бартараф этилди.

Қаршида собиқ хотинидан шантаж орқали $5 минг талаб қилган шахс ушланди

Қашқадарёда собиқ рафиқасини шантаж қилиб, ундан пул талаб қилган йигит ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Жорий йилнинг 20 декабрь куни 23 ёшли Б.М. Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда собиқ турмуш ўртоғи 24 ёшли Й.Ф. унинг шахсига оид маълумотларни ва экспертиза ҳужжатларини ўқиш ва иш жойи ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ушбу маълумотларни ошкор қилмаслик эвазига 5000 АҚШ доллар пул маблағларини талаб қилиб келаётганлигини маълум қилган ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Й.Ф. Қарши шаҳридаги “Яшил бозор” савдо дўкони ёнида фуқаро Б.М.дан талаб қилган 5000 АҚШ долларидан махсус кимёвий ишлов берилган 2500 АҚШ долларини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

“Гулноранинг жиноятларидан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган”. Тошкент Швейцария суди қарорига муносабат билдирди

Аввалроқ Швейцария федерал жиноий суди Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича музлатиб қўйилган маблағлардан Takilant копманиясига қарийб 70 миллион долларни қайтаришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Швейцария судининг қарори бўйича айрим тафсилотларни эълон қилди.

Вазирлик 2012 йилда Швейцария Федерал прокуратураси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий маблағларни легаллаштириш ва қалбакилаштириш бўйича кенг кўламли тергов бошлаганини эслатган. Гап Ўзбекистон бозорига кириш ва тўсиқсиз ишлаш эвазига хорижий телекоммуникация компанияларидан ноқонуний йўл билан олинган йирик маблағларни легаллаштириш ҳақида кетмоқда.

ДХХ Андижонда 12 нафар “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзосини ушлади

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти тарафдорларининг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.

Мавжуд тезкор маълумотларга кўра, муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” сафида фаолият олиб боргани учун узоқ йиллар жазо муддатини ўтаб чиққан 1968 йилда туғилган “А.А.” жиноий фаолиятини тиклаб, 11 нафар собиқ ғоядошларини ўзининг ноқонуний ҳаракатларига жалб қилган.

Олам

Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилиш ижод эркинлиги эмас – Путин

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳақорат қилиш ижод эркинлиги ҳисобланмайди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 23 декабрь куни анъанавий йиллик катта матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Россия Президентининг йиллик катта матбуот анжуманида журналист экстремизмни тарғиб қилиш, ҳис-туйғуларни ҳақорат қилиш билан боғлиқ маъмурий ва жиноий ишлар кўпайиб бораётганини таъкидлади. Шу муносабат билан журналист кимнингдир ҳис-туйғуларини ҳимоя қилиш ва рассомнинг ўзини ифода этиш ҳуқуқи ўртасидаги чегара қаерда деган саволни Президентга берди.

Путин Россияни йўқ қилишнинг ягона йўлини айтди 

Россияни мағлуб этиб бўлмайди, уни фақат ичкаридан йўқ қилиш мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин йиллик матбуот анжуманида маълум қилди.  

BBC рус хизмати мухбири Пётр Козлов Путиндан сўнгги олти ой ичида хорижий ташкилотлар ва ОАВни хорижий агентлар ва экстремистлар деб тан олиниши кескин ошганига нима бўлаётганини сўраган.

“Агар тарих ҳақида гапирадиган бўлсак, мен сизга рақибларимиз асрлар давомида нима ҳақида гапириб келаётганини эслатмоқчиман. Россияни мағлуб этиб бўлмайди, уни фақат ичкаридан йўқ қилиш мумкин. Бу Биринчи жаҳон урушидан кейин ва 1990-йилларда содир бўлган воқеа. Ким буни қилди? Бошқа одамларнинг манфаатларига хизмат қилганлар”, деган Путин. 

Жанубий Кореянинг 22 йилга қамалган собиқ Президенти афв этилади

Жанубий Кореянинг собиқ Президенти, мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун қамоқ жазосини ўтаётган Пак Кин Хе жорий йилнинг 31 декабридан бошлаб афв этилади. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги хабар берган.  

“Ҳукумат 24 декабрь куни 2022 йил бўсағасида 31 декабрдан 3094 кишини, жумладан, собиқ Президентни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, бугун, 24 декабрь куни Жанубий Корея ҳукуматининг Янги йил байрами муносабати билан бир қатор шахсларни афв этиш, жазони енгиллаштириш ва ваколатларини тиклаш масалалари бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Унда собиқ Президент Пак Кин Хени афв этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Путиннинг арзанда вазири ким? Президент жавоб берди

Президентнинг ҳукумат вазирлари орасида фаворитлари бўлиши мумкин эмас ва бу ҳеч қачон содир бўлмаган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин йиллик матбуот анжуманида маълум қилди.   

“Мен йиллар давомида кўп одамлар билан ишлаб келяпман ва уларни яхши биламан. Аммо, агар бирор жойда улар етарлича ишламаётганликларини ёки қандайдир ўткир бурчакларни айланиб ўтишга ҳаракат қилишаётганини кўрсам, шахсий муносабатларимиздан қатъи назар мен биз ишлаётган масалаларга тўғри муносабатда бўлишга интилишимиз кераклигини ҳар доим ҳамкасбларимга таъкидлайман”, деган у. 

Қимматга тушган хато: “Толибон” Душанбедаги элчихонага қарийб $1 млн ўтказиб юборган

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси ҳисобига янглишиб 800 минг доллар ўтказиб юборган. Афғонистон элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар бу маблағ уларга қайтарилмаслигини маълум қилди.

Таъкидланишича, давлат тўнтариши пайтида Афғонистондан қочиб кетган Президент Ашраф Ғани ҳукмронлигининг сўнгги кунларида Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасига 786 минг доллар “хатолик” билан ўтказилган ва ҳозирда “Толибон” пулларни қайтариб беришни талаб қилиб хат жўнатган. 

“Толибон”нинг деярли 800 минг доллар бўлган ушбу маблағни талаб қилишга ҳаққи йўқ, чунки Афғонистон элчихонаси Афғонистон Ислом Республикасининг расмий дипломатик идораси ҳисобланади ва шунинг учун бу ерга турли миқдорда маблағлар келиб тушади, улар ҳақида “Толибон” савол беришга ҳақли эмас”, деган элчи.

Спорт

Netflix Роналдунинг севгилиси ҳақида сериал суратга олди 

Netflix компанияси футболчи Криштиану Роналдунинг севгилиси сифатида танилган испаниялик модель Жоржина Родригес ҳақида сериал суратга олди. Бу ҳақда моделнинг ўзи Instagram’даги саҳифасида маълум қилди. У “Мен, Жоржина” деб номланади.  

“Бу муқовалар, ҳикоялар ва қизил йўлак ортида яширинган нарса. Барча қисмлар 27 январь куни тақдим этилади”, деб ёзган Жоржина. 

19 ёшли теннисчи “British Airways” юзига айланди 

19 ёшли теннисчи Эмма Радукану “British Airways”нинг юзига айланди. У компанияга глобал бренд элчиси сифатида қўшилди.

“Мен “British Airways” оиласига глобал бренд элчиси сифатида қўшилганимдан жуда хурсандман. Авиакомпания мен учун “US Open” турниридан сўнг уйга учиб келганимдаёқ қадрдон бўлиб қолган эди. Мен Буюк Британиянинг машҳур бренди билан қизиқарли лойиҳалар устида ишлашни интиқлик билан кутаман”, дейди Радукану.

64-ўриндаги Роналду ва 100 миллионлик трио: АПЛнинг энг қиммат футболчилари кимлар?

“Transfermarkt” портали Англия Премьер лигасининг энг қиммат футболчиларининг янгиланган рейтингини эълон қилди.

“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду 64-поғонадан ўрин олган. У ўтган ойдагига нисбатан 10 миллион евро арзонлашган ва 35 миллионга баҳоланган.

Кучли учликдан 100 миллион евро турадиган ҳужумчилар – Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”), Ромелу Лукаку (“Челси”) ва Ҳарри Кейн (“Тоттенхэм”) жой олган. Шу билан бирга, Кейннинг нархи аввалги рейтингга нисбатан 20 миллионга пасайганини айтиб ўтиш керак.

4-ўрин ярим ҳимоячилар – Бруно Фернандеш (“Манчестер Юнайтед”) ва Кевин Де Брюйнега (“Манчестер Сити”) насиб этган. Уларнинг трансфер нархи 90 миллион евро этиб белгиланган.

6-поғонани 85 миллион еврога баҳоланган Маркус Рэшфорд, Жейдон Санчо (иккаласи “Манчестер Юнайтед”) ва Рахим Стерлинг (“Манчестер Сити”), шунингдек, ярим ҳимоячи Филипп Фоден (“Манчестер Сити”) эгаллади.

10-ўринда Садио Мане (“Ливерпуль”), Жек Грилиш (“Манчестер Сити”) ва Сон Хён Мин (“Тоттенхэм”) ва Трент Александр Арнольд (“Ливерпуль”) жойлашган. Ушбу футболчилар 80 миллион туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг