Жанубий Кореянинг 22 йилга қамалган собиқ Президенти афв этилади
Олам
−
24 Декабрь 2021
9763Жанубий Кореянинг собиқ Президенти, мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун қамоқ жазосини ўтаётган Пак Кин Хе жорий йилнинг 31 декабридан бошлаб афв этилади. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги хабар берган.
“Ҳукумат 24 декабрь куни 2022 йил бўсағасида 31 декабрдан 3094 кишини, жумладан, собиқ Президентни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бугун, 24 декабрь куни Жанубий Корея ҳукуматининг Янги йил байрами муносабати билан бир қатор шахсларни афв этиш, жазони енгиллаштириш ва ваколатларини тиклаш масалалари бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Унда собиқ Президент Пак Кин Хени афв этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
“Гуманитар нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, афв этиладиганлар орасида кексалар ёки оғир касаллар каби қийин шароитда бўлган маҳкумлар ҳам бор”, деган мамлакат Бош вазири Ким Бу Гём йиғилишда.
Унинг қўшимча қилишича, жорий афв этиш фуқароларни Янги йил олдидан ва давом этаётган коронавирус пандемиясининг оғир шароитларида бирлаштириши керак.
Маълумотларга кўра, Пак Кин Хе бу йил сурункали елка ва бел касалликлари туфайли уч марта шифохонага ётқизилган. Тахминларга кўра, унинг соғлиғи афв этилишига сабаб бўлган.
Пак Кин Хе 2017 йилнинг март ойида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик айбловлари туфайли лавозимидан четлаштирилган эди. У дўсти Чхве Сун Силь билан тил бириктирганликда ҳамда Samsung ва Lotte каби йирик конгломератларни назорат остидаги фондларга 77,4 миллиард вон хайрия қилишга мажбурламоқчи бўлганликда айбланган. Собиқ Президент ва унинг ёрдамчилари, шунингдек мамлакат Миллий разведка хизматининг уч собиқ раҳбаридан 3,5 миллиард вон олганликда ҳам айбланган.
2018 йилда Пак Кин Хе 30 йиллик қамоқ ва тахминан 17 миллион доллар жаримага тортилган эди.
2019 йилда Олий суд ишни қайта кўриб чиқиш учун қайтариб юборди, шундан сўнг 2020 йил июль ойида Сеул Олий суди собиқ Президент ўз жиноятларидан “кўп шахсий манфаат кўрмаганини” ва конгломератлардан товламачилик қилгани ҳақидаги даъволари олиб ташланганини ҳисобга олиб, унинг қамоқ жазосини 20 йилга қисқартирди.
2021 йил январида Жанубий Корея Олий суди ниҳоят собиқ Президентга 20 йиллик муддатни маъқуллади. Шунингдек, Пак Кин Хе 180 миллиард вон жарима ва 35 миллиард вон товон пули тўлаши керак бўлди. Умуман олганда, собиқ Президент 22 йил қамоқда ўтириши керак эди. Унда 2018 йилда ўша пайтдаги ҳукмрон “Сэнури” консерватив партияси (ҳозирда тарқатиб юборилган) номзодини кўрсатиш жараёнига ноқонуний аралашгани учун берилган икки йиллик қамоқ жазоси ҳам бўлган. У тўрт йилу тўққиз ой қамоқда ўтирди.