Амударё ва Сирдарёда сув ҳажми яхши бўлиши кутилмоқда – Сув хўжалиги вазири
Жамият
−
08 Май
7016Жорий йилда Амударё ва Сирдарёда сув ҳажми яхши бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев парламент эшитувида сўз очди.
Парламент қуйи палатаси депутати Муқаддас Тиркашева вазирнинг ахбороти эшитувида Ўзбекистоннинг асосий дарёларига сув келиш прогнозлари билан қизиққан.
“Дарҳақиқат, 5 та давлат сув лимитларини ўзаро келишади. Охирги йиғилишимиз Чимкентда бўлиб ўтди. Унда сув ҳавзаларидаги сув ҳолати муҳокама қилинди. Бу йилги ёғингарчиликлар натижасида Амударё ва Сирдарё дарёларида сув ҳажми яхши бўлиши башорат қилиняпти. Ҳозирги ҳолатда ўтган йилги даража кутиляпти. Кўп йиллик меъёрларга нисбатан эса Сирдарёда 85-90 фоиз, Амударёда 90-95 фоизгача сув бўлиши башорат қилинмоқда. Бугунги кунда сув омборларимизда ўтган йилга нисбатан 1,5 миллиард куб ортиқча сув захираси яратилган”, деган вазир.
Шунингдек, Шавкат Ҳамроев қўшни давлатлар билан кўп масалаларда, жумладан, сув масаласида ҳам яқин ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
“Сув бизни душман қилиб эмас, дўст қилиб, манфаатли ҳамкорлик қилишга, Худонинг берган неъматидан самарали фойдаланишга ундайди”, дейди Ҳамроев.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Марказий Осиё давлатлари сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 86-йиғилишида Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида 2024 йилги вегетация даври учун мамлакатларнинг сув олиш лимитлари ва сув омборлари каскадларининг прогноз иш режими тасдиқланганди.