АҚШ Яманга яна зарба берди

Олам

image

Америка қўшинлари бугун, 13 январь куни маҳаллий вақт билан 3:45 да Ямандаги ҳусийларнинг радиолокацион станциясига ҳужум қилди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди

Зарба USS Carney авиаташувчиси томонидан Tomahawk ракеталари ёрдамида амалга оширилган. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, операция Prosperity Guardian альянси билан тузилган келишувлардан мустақил тарзда ўтказилган.

Ҳусийларга тегишли “Al Masirah” телеканали АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий самолётлари Яман пойтахти Санага янги ҳаво ҳужуми уюштиргани ҳақида хабар берган. Бироқ расмий Лондон Британия қуролли кучларининг янги зарбада иштирок этганини ҳали тасдиқламади.

CENTCOM’га кўра, радарларга зарбалар ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш қобилиятини бузиш учун зарур. Оммавий ахборот воситаларида Яман пойтахти Санада, Ал-Дайлами авиабазаси яқинида, Ҳодейда порт шаҳрида портлашлар овози эшитилгани, шунингдек, қирғоқ радарлари ва кузатув пунктларига ҳужумлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 60 та объектга, жумладан радарлар, ҳаво мудофаа тизимлари, омборлар, дрон ва ракеталарни учириш жойларига ҳужум қилганди. Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳужуми оқибатида беш аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.

Британия ва Америка расмийларининг айтишича, бу ҳужум 2023 йил декабрь ойидан бери тез-тез учраган Қизил денгиздаги халқаро кемаларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлган.
АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ҳам  ҳусий позицияларига зарбалари ўзини ҳимоя қилиш учун қилинган чекланган ва мутаносиб ҳаракат эканини таъкидлади.

Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман Ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг