Британия Қизил денгизни патрул қилишда давом этади – Сунак
Олам
−
12 Январь
3840Британия ҳарбий-денгиз кучлари Ямандаги ҳусийларнинг кейинги “тажовуз”ини олдини олиш учун Қизил денгизда патруллик қилишда давом этади. Бу ҳақда Бош вазир Риши Сунак баёнот берди.
"Қироллик денгиз флоти ҳусийларнинг кейинги тажовузкорлигининг олдини олиш учун “Prosperity Guardian” халқаро операцияси доирасида Қизил денгизни патрул қилишда давом этмоқда. Биз уларни ҳужумларни тўхтатишга ва кескинликни камайтириш чораларини кўришга чақирамиз", дейди ҳукумат раҳбари.
Шунингдек, Сунак Буюк Британия ва АҚШнинг Яман ичидаги ҳусий позицияларига зарбалари ўзини ҳимоя қилиш учун қилинган чекланган ва мутаносиб ҳаракат эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия кучлари самолётлар, кемалар ва сувости кемалари ёрдамида Яманнинг Сана, Саада, Ҳодейда, Таиз ва Дамар каби бир қанча шаҳарларида ҳусийларнинг нишонларига зарба берганди. АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Америка маъмурияти ракеталар, учувчисиз ҳаво воситалари ва ҳусий радар станциялари жойлашган жойларга ҳужум қилинганини билдирмоқда.
Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.
Россия Яманга берилган зарбалари муносабати билан бугун, 12 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни талаб қилди.
LiveБарчаси