АҚШ ва Буюк Британия ҳусийларга зарба берди (видео)
Олам
−
12 Январь
10878АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги ҳусийларнинг объектларига зарба берди. Бу ҳақда америкалик расмийларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, зарбалар қирувчи самолётлар, кемалар ва сувости кемаларидан берилган. Гувоҳлар Яман пойтахти Санада портлашлар бўлганини айтмоқда.
CNN маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар зарба бериш учун бомбардимончи самолётлар ва “Tomahawk” қанотли ракеталаридан фойдаланмоқда.
“Ҳусийлар вакили АҚШ ва Британия зарбалари Яман пойтахти ҳамда Ходейда, Саада ва Дҳамар шаҳарларига берилганини маълум қилди”, деб ёзади “The Guardian”.
Америкалик расмийнинг айтишича, АҚШ ва Буюк Британия ҳусийларнинг ўндан ортиқ нишонларига зарбалар берган. Вашингтон ва Лондон Қизил денгиздан ўтаётган кемаларга Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийларнинг ҳужумлари давом этаётгани сабабли зарбалар беришга қарор қилганини билдирмоқда.
Зарбалар бошланганидан тахминан бир соат ўтиб, АҚШ Президенти Жо Байден баёнот берди.
“Бугун менинг буйруғимга кўра, АҚШ кучлари Буюк Британия билан биргаликда Австралия, Баҳрайн, Канада ва Голландия кўмагида Ямандаги ҳусий исёнчилари томонидан навигация эркинлигига таҳдид қилиш учун фойдаланилган бир қатор нишонларга муваффақиятли зарба берди. Ушбу зарбалар ҳусийларнинг Қизил денгиздаги халқаро кемаларга мисли кўрилмаган ҳужумларига, жумладан, биринчи марта кемага қарши баллистик ракеталардан фойдаланишига тўғридан тўғри жавобдир”, дейди АҚШ Президенти.
Байден ҳусийларга қарши зарбаларни “мудофаа ҳаракати” деб атади.
“Ушбу мақсадли зарбалар Қўшма Штатлар бизнинг ҳамкорларимиз ва ходимларимизга қилинган ҳужумларга тоқат қилмаслиги ёки душман томонларга дунёдаги энг муҳим тижорат йўлларидан бири бўйлаб навигация эркинлигини бузишига йўл қўймаслиги ҳақида аниқ сигналдир. АҚШ халқимизни ҳимоя қилиш ва халқаро савдо эркинлигини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўришдан тортинмайман", дейди Байден.
LiveБарчаси