Россия Яманга ҳужум туфайли БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини талаб қилди
Олам
−
12 Январь
9073Россия АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга берган зарбалари муносабати билан бугун, 12 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси хабар берди.
Хавфсизлик кенгаши мажлиси Тошкент вақти билан соат 20:00 га белгиланган.
Билдирилишича, йиғилишда Яқин Шарқдаги вазият, жумладан, Фаластин масаласига ҳамда АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга берган зарбалари муҳокама қилинади.
Йиғилишдан сўнг брифинг ҳам бўлиб ўтади. У Тошкент вақти билан 01:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия кучлари самолётлар, кемалар ва сувости кемалари ёрдамида Яманнинг Сана, Саада, Ҳодейда, Таиз ва Дамар каби бир қанча шаҳарларида ҳусийларнинг нишонларига зарба берганди. АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Америка маъмурияти ракеталар, учувчисиз ҳаво воситалари ва ҳусий радар станциялари жойлашган жойларга ҳужум қилинганини билдирмоқда.
Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.
LiveБарчаси