АҚШ Украинага Россия кемаларини йўқ қилувчи қуроллар бермоқчи

Олам

image

Оқ уй Россиянинг денгиз блокадасини енгиб ўтиш учун Украинани илғор кемаларга қарши ракеталар билан таъминлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар бермоқда.

Бу ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни қайта тиклаш имконини беради, деб тахмин қилинмоқда. Пентагон ҳали тасдиқланмаган етказиб беришлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмади.
 
Гап Harpoon ва Naval Strike Missile ракеталари ҳақида бормоқда. Уларни АҚШдан ёки бундай қуролга эга Европа давлатларининг биридан тўғридан-тўғри олиб ўтиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, таъминот қийин бўлиши мумкин. Хусусан, қирғоқдан Harpoon’ларни учириш учун платформалар чекланган. Вашингтон бу муаммони ҳал қилиш устида ишлаётгани айтилмоқда.
 
Агентлик манбалари бошқа муаммолар қаторида ҳарбийларни ракеталардан фойдаланишга ўргатиш, жиҳозларга техник хизмат кўрсатишдаги қийинчиликлар, ракеталарнинг Россия томонидан эгаллаб олиниши эҳтимоли ва можаронинг авж олиш хавфига ишора қилмоқда. 

Маълумотларга кўра, бир қанча давлатлар Украинага ракета жўнатишга тайёр, бироқ улар Россиянинг реакциясидан қўрқиб, бу ишни қилган биринчи ва ягона давлат бўлишни хоҳламаяптилар.
  
АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 19 май куни эрталаб Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. У артиллерия, радар ва “жанг майдонида аллақачон самарали қўлланилган бошқа жиҳозларни” ўз ичига олади. Янги пакетнинг нархи 100 миллион долларни ташкил этади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг