АҚШ Украина билан музокара бошлади
Олам
−
04 Август 2023
14041АҚШ Давлат департаменти Вашингтон ва Киев Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қила бошлаганини тасдиқлади. Бу ҳақда кеча, 3 август куни Давлат департаменти баёнот берди.
“Бугун Давлат департаменти, АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакиллари украиналик ҳамкасблари билан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама музокараларни бошлаш учун учрашди”, дейилади баёнотда.
Айтилишича, Қўшма Штатларнинг диққат марказида “Украинани ҳозир ва келажакда ҳимоя қилишга қодир кучлар билан таъминлаш”, “Украина ҳарбий институтлари ва саноатининг самарадорлиги ҳамда шаффофлигини қўллаб-қувватлаш ва ошириш”, шунингдек, “Киевнинг Евро-Атлантика интилишлари йўлида ривожланишига ҳисса қўшадиган” ислоҳотларга ёрдам бериш бўлади.
Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ҳам Украина ва АҚШ Киевга хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича музокараларни бошлаганини маълум қилган.
Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Метю Миллернинг сўзларига кўра, музокаралар виртуал форматда ўтади. Америка томонидан делегацияга АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади. Миллернинг қўшимча қилишича, музокаралар НАТОнинг Вильнюсдаги саммити доирасида G7 давлатлари томонидан қабул қилинган мажбуриятларга мувофиқ ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида G7 давлатлари етакчилари Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш тўғрисидаги декларацияни имзолаганди. 2 август куни эса Президент Владимир Зеленский Бельгия, Дания, Ирландия, Исландия, Испания, Норвегия, Нидерландия, Португалия, Руминия, Финляндия, Чехия ва Швеция Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича декларацияга қўшилганини айтганди.
LiveБарчаси