АҚШ Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламайди – Блинкен
Олам
−
19 Июнь 2023
12893АҚШ Пекиннинг Тайвань бўғозидаги ҳаракатларидан хавотирда ва у Тайвань бўйича келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 19 июнь куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
“Хитойнинг Тайвань бўғозидаги, шунингдек, Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларидаги провокацион ҳаракатлари тўғрисида тобора кўпроқ мамлакатлар маълум қилмоқда. Мен бу борадаги АҚШнинг хавотирларини билдирдим”, деган Блинкен.
Унинг айтишича, АҚШ Тайвань масаласида “ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлайди ва шу билан бирга, статус-квонинг ҳар қандай ўзгаришига ҳам қарши.
“Биз томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишни интиқлик билан кутишда давом этамиз”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Шунингдек, Блинкен Хитойдаги учрашувларда Вашингтон Тайвань бўғозидаги бир томонлама ҳаракатларга қарши эканини ва Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини такрорлаган. Унга кўра, Тайвань атрофидаги инқироз бутун дунёга таъсир қиладиган иқтисодий инқирозга олиб келади.
Блинкеннинг билдиришича, унинг Хитойдаги алоқалари мазмунли, самимий ва конструктив бўлган.
“Мана, Хитойда мен Раис Си Цзиньпин билан муҳим музокаралар ўтказдим. Мен ҳамкасбларим [Коммунистик Партия Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси] Ван И ва [Хитой Ташқи ишлар вазири] Цинь Ганг билан самимий, мазмунли ва конструктив музокаралар ўтказдим”, деган АҚШ Давлат котиби матбуот анжуманида.
Блинкеннинг қўшимча қилишича, Вашингтон ва Пекин муносабатларни барқарорлаштириш зарурлиги ҳақида келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга расмий ташрифи доирасида Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг билан учрашганди. Беш ярим соат давом этган учрашув чоғида Цинь Ганг Пекин-Вашингтон муносабатлари икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан бери энг паст даражага етгани ҳамда бу ҳолат Хитой ва АҚШ халқлари манфаатларига жавоб бермаслигини айтди. Бугун, 19 июнь куни эса Блинкен Коммунистик Партия Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван И ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашди. Блинкен билан учрашувда Ван И Қўшма Штатларни Хитойнинг ички ишларига аралашмасликка чақирган бўлса, Си Цзиньпин 35 дақиқа давом этган суҳбатда АҚШ Давлат котибининг мазкур ташрифи Пекин-Вашингтон муносабатларини барқарорлаштиришга янада ижобий ҳисса қўшишига умид билдирди.
LiveБарчаси