Блинкен узоқ кутилган Хитойга сафарини амалга оширди
Олам
−
19 Июнь 2023
6235Кеча, 18 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга расмий ташрифи доирасида Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг билан учрашди. Бу ҳақда икки мамлакатнинг ташқи ишлар идоралари маълум қилди.
Хитой ТИВ маълумотларига кўра, учрашув чоғида Цинь Ганг Пекин-Вашингтон муносабатлари икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан бери энг паст даражага етганини айтган. Шунингдек, вазир бу ҳолат Хитой ва АҚШ халқлари манфаатларига жавоб бермаслигини таъкидлаган.
АҚШ Давлат департаменти томонида музокаралар якуни бўйича эълон қилинган баёнотда эса Энтони Блинкен дипломатия муҳимлигини, тушунмовчиликлар ва нотўғри ҳисоб-китоблар хавфини камайтириш учун очиқ мулоқот каналларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирган.
Бундан ташқари, АҚШ Давлат котиби Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан музокараларни самимий ва конструктив деб атаган.
Билдирилишича, Блинкеннинг хитойлик мавқедоши билан учрашуви беш ярим соат давом этган. Котибнинг ХХР расмийлари билан Пекиндаги учрашувлари бугун, 19 июнь куни ҳам давом этади.
Маълумот учун, АҚШ Давлат котиби Хитойга охирги марта айнан 2018 йилда ташриф буюрган. Ўшанда бу лавозимда Майк Помпео эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ осмонида Хитойга тегишли “жосус ҳаво шари” аниқлангач, Блинкен 5-6 февраль кунларига режалаштирилган Хитойга ташрифини номаълум муддатга ортга сурганди. 4 февраль куни эса Хитой шари АҚШ ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширилди. Вашингтон маъмурияти мазкур қурилма ёрдамида Хитой муҳим маълумотларни тўплаганини таъкидлади. Пекин эса АҚШ томонидан қилинган ҳужум ва туҳматларга қарши норозилик билдирди. Кейинчалик Блинкен Хитойга бормоқчи бўлгани, бироқ Пекин уни қабул қилишни рад этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
LiveБарчаси