Хитой Блинкенни қабул қилмаяпти
Олам
−
15 Апрель 2023
15423Хитой АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг мамлакатга келишига рухсат бермади. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Пекин Вашингтонга Америка дипломатияси раҳбари февраль ойида бекор қилган сафар учун янги санани танлашга тайёр эмаслигини айтган. Манбага кўра, Хитой расмийлари Оқ уй Давлат котибининг Хитойга сафари чоғида Федерал қидирув бюроси АҚШ томонидан уриб туширилган “жосус шар”га доир ҳисоботини ашёвий далиллар билан бирга эълон қилишидан қўрқади. Чунки АҚШ маъмурияти ҳозиргача “жосус шар” иши бўйича тергов натижаларига оид режаларини очиқламаган.
Айтилишича, Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг март ойида Пекинда бўлиб ўтган “Хитой тараққиёти” форумида америкаликлар билан учрашув чоғида бу масалани кўтарган.
11 апрель куни эса Блинкен Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан қўшма матбуот анжуманида сўзга чиқиб, қулай шароитлар етилганда Пекинга боришини айтган ва Қўшма Штатлар маъмурияти Хитой билан алоқа каналларини мустаҳкамлашни хоҳлашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ осмонида Хитойга тегишли “жосус ҳаво шари” аниқлангач, Блинкен 5-6 февраль кунларига режалаштирилган Хитойга ташрифини номаълум муддатга ортга сурганди. 4 февраль куни эса Хитой шари АҚШ ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширилганди. Вашингтон маъмурияти мазкур қурилма ёрдамида Хитой муҳим маълумотларни тўплаганини таъкидлаганди. Пекин эса АҚШ томонидан қилинган ҳужум ва туҳматларга қарши норозилик билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь