Си Цзиньпин Блинкенни қабул қилди         

Олам

image

Бугун, 19 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга сафарининг иккинчи кунида Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашиб, 2018 йилдан бери Хитой раҳбари билан учрашган биринчи АҚШ давлат котибига айланди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашув бўлиб ўтиши унинг бошланишига 45 дақиқа қолганида маълум бўлган ва у 35 дақиқа давом этган. 

“Икки томон самимий ва чуқур музокаралар олиб борди. Умид қиламанки, жаноб котиб, ушбу ташриф орқали сиз Хитой-АҚШ муносабатларини барқарорлаштиришга янада ижобий ҳисса қўшасиз”, деган Си Цзиньпин. 

Айтилишича, Блинкеннинг мазкур учрашуви йил охирида Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги саммитни осонлаштиришга ёрдам бериши мумкин.

Си Цзиньпин билан учрашувдан олдин Блинкен Хитойнинг бош дипломати Ван И билан ҳам бир қатор мавзуларни муҳокама қилган. Бироқ Пекиндаги “Дяоютай” давлат меҳмон уйида бўлиб ўтган музокараларда Тайвандан тортиб савдо, инсон ҳуқуқлари ва Украина урушига бўлган муносабати каби масалалар бўйича томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишда катта муваффақиятларга эришилмаган.

Блинкен, Давлат департаменти “самарали” деб атаган Ван И билан уч соатдан ортиқ суҳбат давомида ўз рақобатини бошқариш учун очиқ алоқа каналлари муҳимлигини таъкидлаган.

АҚШ-Хитой муносабатларини паст даражада деб таърифлаган Ван И эса бунинг асл сабаби Америка Қўшма Штатларининг Хитойни нотўғри идрок этиши эканини айтган.

“Биз одамларга, тарихга ва дунёга масъулият билан муносабатда бўлишимиз ҳамда АҚШ-Хитой муносабатларидаги пасайиш спиралини орқага қайтаришимиз керак”, деган Ван И Блинкен билан учрашувда.

Хитой давлат матбуотига кўра, Ван И Қўшма Штатларни Хитойдан келаётган таҳдидлар ҳақида спекуляция қилишни бас қилишга, Хитойнинг илмий ва технологик ривожланишини “бостириш”дан воз кечишга ҳамда унинг ички ишларига аралашмасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга расмий ташрифи доирасида Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг билан учрашганди. Беш ярим соат давом этган учрашув чоғида Цинь Ганг Пекин-Вашингтон муносабатлари икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан бери энг паст даражага етгани ҳамда бу ҳолат Хитой ва АҚШ халқлари манфаатларига жавоб бермаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Си Цзиньпин Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг