АҚШ норасмий равишда Исроилга Эронга ҳужум учун “яшил чироқ” ёққан – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти омма олдидаги Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашмаслик позициясига қарамай, норасмий каналлар орқали Исроилга кенг кўламли ҳужумга розилик берган. Бу ҳақда исроиллик расмий манбаларга таяниб, “Axios” нашри хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Трамп жамоатчиликка Исроил ҳужумини тўхтатмоқчи бўлгандек кўринган, жумладан Биньямин Нетаньяху билан суҳбат пайтида ҳам бундай кайфият билдирган. Бироқ аслида АҚШ ва Исроил ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштирган.

“Бизда АҚШдан аниқ бир “яшил чироқ” бўлган”, деган “Axios” манбаларидан бири.

Бошқа бир исроиллик расмийнинг таъкидлашича, Вашингтоннинг оммавий баёнотлари Эронни ҳужумнинг юз беришига ишонмасликка ундаш учун мўлжалланган.

Бугун, 13 июнь куни Трампнинг ўзи Исроил ҳужумидан кейин Эронни ядро келишувини дарҳол имзолашга чақирди.

“Акс ҳолда вазият фақат ёмонлашади. Эрон ўз империясининг қолган қисмини сақлаб қолиш учун ҳозир ҳаракат қилиши керак. Ўлим ва вайронагарчиликни тўхтатиш зарур. Кеч бўлмасидан олдин бу ишни қилинг”, деб ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Қайд этиш жоиз, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядро дастури борасидаги музокаралар давом этаётган эди. Хусусан, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф жорий йилнинг 15 июнь Уммон пойтахти Маскатда Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароқчи билан учрашиши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” профилактик зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.

Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.

Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.

Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.

Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан хавотир билдириб, томонларни босиқликка чақирди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Эрон-Исроил ядровий дастур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг