Трамп Маскдан Украинада Starlink чекловларини олиб ташлашни сўради – WSJ

World

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп америкалик миллиардер Илон Маскка қўнғироқ қилиб, Украинада Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимининг ҳарбий версияси – Starshield фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташлашни сўради. Кўп ўтмай, тизим одатдаги иш режимига қайтди. Бу ҳақда манбаларга таяниб “The Wall Street Journal” хабар берди.

Нашр манбаларининг айтишича, Трамп тизим фаолиятига қўйилган чекловлардан норози бўлган. Ўша пайтда Starlink дронларнинг соатига тахминан 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланишига имкон бермаётган эди. Натижада Украинанинг айрим зарба берувчи ва Россия дронларини тутиб қолиш учун мўлжалланган учувчисиз аппаратлари самарали ишламай қолган.

“The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Трамп ва Маск ўртасидаги суҳбат нашрнинг Starlink фаолиятига чеклов қўйиш ҳақида айнан Маск буйруқ бергани ҳақидаги мақоласидан кейин бўлиб ўтган.

Трамп кейинчалик Маск чекловларни олиб ташлаганини тасдиқлаган. Журналист ундан Маскка қўнғироқ қилиб, чекловларни бекор қилишни сўраганми, деб сўраганида, у бу масалани изоҳлашни истамаган. Шу билан бирга, энг муҳими, тизим аввалги ҳолатига қайтарилганини таъкидлаган.

“The Economist” журналисти Оливер Кэрроллнинг маълум қилишича, Украина Қуролли кучларининг фронтдаги дрон бўлинмалари қўмондонлари ҳам Starlink фаолиятига қўйилган чекловлар олиб ташланганини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, текширувлар ҳали давом этмоқда, бироқ тизим одатдаги режимда ишлаётганга ўхшайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 октябрь куни Украина ҳарбийлари Starlink’нинг ҳарбий версияси – Starshield терминаллари фаолиятида муаммолар юзага келганини маълум қилганди. Дронлар соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганда алоқа узилиб қолган. Шундан сўнг, Илон Маск Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Starlink алоқа тизими тезлигини пасайтиришга буйруқ бергани ҳақида хабарлар тарқалганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends