АҚШ Эронга зарба бериб халқаро ҳуқуқни бузди – Шимолий Корея
Олам
−
23 Июнь 11422 2 дақиқа
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Эронга қилинган ҳужумлари учун қоралади, шунингдек, АҚШ ва Исроилни Яқин Шарқдаги вазиятни янада оғирлаштиришда айблади. Бу ҳақда КХДР ТИВ вакилига таяниб, Корея Марказий ахборот агентлиги хабар берди.
“КХДР АҚШнинг Эронга қилган ҳарбий ҳужумини БМТ Низомининг қўпол бузилиши сифатида кескин қоралайди. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига қарши қаратилган куч ишлатиш ва тегишли таҳдидлар БМТ Низомига зиддир”, дейилади КХДР Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Қайд этилишича, Яқин Шарқдаги вазиятнинг оғирлашишига Исроил ва АҚШ “тинчликни сақлаш” ва “таҳдидни йўқ қилиш” баҳонаси ва Исроилнинг ҳудудларни кенгайтириш истаги сабаб бўлган.
“Исроил ва АҚШ “тинчликни сақлаш” ва “таҳдидни йўқ қилиш” баҳонасида жисмоний куч ишлатди. Исроилнинг мақсади ҳудудларни кенгайтиришдир” дейди КХДР Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Шунингдек, баёнотда халқаро ҳамжамият бир овоздан “АҚШ ва Исроилнинг душманлик ҳаракатларини” қоралаши кераклиги ҳам таъкидланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни бир ҳафтадан бери давом этаётган Эрон-Исроил урушига АҚШ ҳам қўшилди. Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берди.
Шундан кейин, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилишини минтақадаги хавфли авж олиш ва тинчлик ҳамда хавфсизликка бевосита таҳдид деб атади.
Дилшод Ҳакимов
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь