Афғонистоннинг “Толибон” тузадиган ҳукумати раҳбари кимлиги маълум бўлди
Олам
−
02 Сентябрь 2021
19553“Толибон”нинг Афғонистонда тузадиган янги ҳукуматига ҳаракат етакчиси мулла Ҳайбатулла Охундзода раҳбарлик қилади. Бу ҳақда толибларнинг маданият бўйича комиссияси аъзоси Анамулла Саманганий маълум қилди, дея хабар бермоқда “Tolonews”.
“Янги ҳукумат тузиш юзасидан маслаҳатлашувлар деярли якунланди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси бўйича зарур муҳокамалар ўтказилди. Ҳукуматда Ҳайбатулла Охундзода борлигига шубҳа йўқ. У ҳукумат етакчиси бўлади, бунга ҳам шубҳа бўлмасин”, деган Саманганий.
Шу билан бирга тасдиқланмаган маълумотларга кўра, навбатдаги ҳукуматда Бош вазир лавозими бўлади.
Қайд этилишича, “Толибон” ҳозиргача вилоятлар губернаторлари, полиция раҳбарлари ва округ бошлиқларини тайинлаб бўлган.
Аввалроқ, Ҳайбатулла Охундзода Афғонистонга келгани ва Қандаҳор вилоятида бўлиб тургани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь