“Толибон” олий раҳбари Афғонистонга келди
Олам
−
30 Август 2021
30456“Толибон” ҳаракатининг олий раҳбари мулла Ҳайбатулла Охунзода Афғонистонга келди. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг кучлари Афғонистонда бўлиб турган вақтда Охунзода қўшни Покистонда яшириниб юрган.
“Охунзода тўрт кундирки Қандаҳор вилоятида ва “Толибон” етакчилари билан Афғонистондаги вазият ҳамда бўлажак бошқарув тизимини шакллантиришни муҳокама қилмоқда”, дейилади “Ariana News” хабарида.
Охунзода ҳаракат асосчиси мулла Умар ва Ахтар Мансурлардан кейин ташкилотнинг энг муҳим одами ҳисобланади. 2013 йилда Ахтар Мансур мулла Умарнинг вафотини эълон қилди ва унинг вориси этиб тайинланди. Мансур 2016 йилда Америка ҳаво зарбаси оқибатида йўқ қилинган ва Ҳайбатулла Охунзода толиблар етакчиси бўлган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси